Видеоси тарқалган мактабдаги жанжалкаш ўқувчилар бўйича чора кўрилмоқда

Жамият

image

Яқинда ижтимоий тармоқларда уч нафар ўқувчи томонидан калтакланаётган ўқувчи видеоси тарқалганди. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, бу ҳолат 2 декабрь куни Шайхонтоҳур туманидаги 254-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.

Унда айтилишича, танаффус вақтида мактаб биносининг 3-қават коридорида уч нафар ўқувчи Р.Р., А.О., М.А. ўқувчи А.К.ни урган. Мазкур ҳолатни С.М. ўқувчи Р.Р. берган уяли телефон аппаратига видеотасвирга олган. Ушбу тасвирга олинган видеони Р.Р. ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари аралашуви билан мазкур ҳолатга Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ инспектори жалб этилди. Мактаб маъмурияти, ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасида суриштирув ишлари олиб борилди. Вояга етмаган ҳуқуқбузарлар Р.Р., А.О. ва М.А. ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47 моддаси тартибида чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Шайхонтоҳур тумани Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясида кўриб чиқиш учун юборилди.

Шайхонтоҳур тумани Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси мазкур ишни ўрганиб чиқди ва 5 декабрь куни юқорида номлари кўрсатиб ўтилган ўқувчиларнинг ота-оналари Н.Р.Мухитбекова, Р.К.Мирзаев, О.О.Тўраев ва Ф.М.Турсуновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига биноан жарима жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, .Р.Мухитбековани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга даъво аризаси киритилади. Вояга етмаган ўқувчи Р.Р. ни ихтисослашган махсус муассасага жойлаштириш бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ишлари бошланди.

Эслатиб ўтамиз, фарзанд тарбиясига биринчи ўринда ота-оналар масъул. Ота-оналардан фарзандларини атрофларидаги одамларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатишни сўраймиз.

Шу билан бирга, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, хусусан болаларнинг мажбурий таълим олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилганлик учун жарима миқдорини ошириш таклиф этилмоқда.
Ҳозирда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қонун лойиҳасига кўра, мазкур жаримани бир бараваридан беш бараваригача ошириш таклиф этилмоқда.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Таклифга кўра жарима миқдори беш бараваридан ўн бараваригача ташкил этиши мумкин.

Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жарима ўн бараваридан ўн беш бараваригача ошиши мумкин.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Қонун лойиҳасига кўра мазкур жаримани ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача ошириш таклиф этилмоқда, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

ўқувчилар

Баҳолаганлар

230

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг