ИШИД исканжасидаги 101 ўзбек боласи. Улар қандай қутқарилди? (видео)
Жамият
−
31 Май 2019
19787Кеча, 30 май куни Яқин Шарқ минтақасидаги қуролли можаролар давом этаётган ҳудудлар, хусусан, Суриядан 156 нафар Ўзбекистон фуқароси давлат кўмагида Ватанга қайтарилди.
Қайтарилган ўзбекистонликларнинг 48 нафари аёл, 101 нафари болалар. Улар ҳозирда Тошкент вилоятидаги санаторийлардан бирига жойлаштирилган ва у ерда тегишли вазирлик ҳамда идоралар томонидан керакли ёрдам кўрсатиляпти.
Ижтимоий тармоқларда эса Суриядан келтирилган аёллар ва болаларга муносабат турлича бўлди.
"Ўзбекистон24" телеканали мухбири Назира Мамбетшарипова ўзбекистонлик аёллар ва болалар қуролли тўқнашувлар давом этаётган Сурия давлатидан қандай олиб келингани тўғрисида репортаж тайёрлади.
Қайд этилишича, ўзбекистонликлар Сурия пойтахти Дамашқдан 800 км узоқликдаги Қамишли шаҳридаги “Ал-Хол” лагерида оғир аҳволда яшаб келган.
“Меҳр” дастурини амалга оширишда иштирок этган Ўзбекистон Республикасининг Дубайдаги бош консули Алишер Саломовнинг сўзларига кўра, бу тадбирлар давом эттирилади.
“Бу операция Сурия Араб Республикасининг тегишли идоралари ва Қизил хоч ташкилоти билан биргаликда амалга ошириляпти. Бу амалиёт давом эттирилади ва охиргача, охирги ўзбекистонликни Ватанга қайтаришга тайёрмиз”, дейди Алишер Саломов.