Президент Рамазон ҳайити муносабати билан афв этишга оид ҳужжатни имзолаши кутилмоқда
Жамият
−
30 Апрель 2020
8886Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан анъанага мувофиқ навбатдаги афвни эълон қилиши кутилмоқда. Бу галги афв бирмунча каттароқ миқёсда бўлиши мумкин экан. Бу ҳақда блогер Хушнудбек Худойбердиев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг ўзида икки марта афв этишга оид ҳужжатни имзолаган эди. Жорий йилнинг февраль ойида имзоланган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 41 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 3 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар ташкил этди.
Шунингдек, халқаро хотин-қизлар байрами муносабати Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Фармонга мувофиқ жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёллар афв этилди.
Афв этилган аёлларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди, 29 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиади, 17 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди, бир сўз билан айтганда, 58 нафар аёл жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди. Шунингдек, 25 нафар маҳкума аёлга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 7 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этади.