Видео: Spark'нинг капотида дўстини “сайр қилдирган” қизга чора кўрилди
Жамият
−
25 Февраль 2019
14049Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи йўлнинг ҳаракат қисмида Spark автомобилининг капотида одам билан ҳаракатлангани тасвирланган видео тарқалди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари машина капотидаги қиз йигити билан жанжаллашгани учун шундай қилганини тахмин қилган.
Тошкент шаҳар ИИББ видеодаги одамларнинг кимлигини аниқлади. Бошқарма Матбуот хизмати маълумотига кўра, воқеа жорий йилнинг 23 февраль куни Нукус кўчасида юз берган. Автомобиль капотидаги одам қиз бола эмас, ўғил бола бўлган. Spark ҳайдовчиси 20 ёшли Лаура Ш. дўсти Николай П.ни автомобиль капотида “сайр қилдирган”. Улар бу ҳаракати билан ўзларининг ҳаётини хавфга қўйган ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари учун ноқулай вазиятни юзага келтирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Лаура Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги), Николай П.га нисбатан 13-моддаси (Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши) билан баённома тузилган.