“Энди экспортга чиққанимизда бизни кўчиришмоқчи”. Яккасарой кичик саноат зонаси тадбиркорлари аросатда қолмоқда

Жамият

“Тадбиркор бўлганимдан, мол боққаним яхши” – Қуйичирчиқда Олий суд қарорининг кучи йўқ north_east

“Тадбиркор бўлганимдан, мол боққаним яхши” – Қуйичирчиқда Олий суд қарорининг кучи йўқ

2020 йил январь ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Яккасарой туман ҳокимлиги вакиллари томонидан яккасарой кичик саноат зонасидаги тадбиркорларга бу ҳудуддан кўчирилиши айтилди. Мажлис тадбиркорлар ва ҳокимият вакиллари иштирокида ўтказилган. Мажлисда саволларга етарли жавоб олмадик дея ҳисоблаган тадбиркорлар QALAMPIR.UZ таҳририятига мурожаат йўллади. Муаммо ортидан пойтахтимиздаги Яккасарой кичик саноат зонаси (халқ тилида Яккасарой технопарки)да бўлдик. 

Даставвал, “Умид” жамғармаси ёрдами билан хорижда таҳсил олиб келган ва айни вақтда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган икки тадбиркор билан суҳбатлашдик. 

“Тадбиркорликни Қозоғистонга кўчирмоқчимиз”

Нурмат Худанов, “Green Code Lazer” МЧЖ асосчиси
— Яккасарой кичик саноат зонаси ташкил этилган вақт – 2014 йилдан бери фаолият юритиб келамиз. Лойиҳамиз яхши ташкил этилгани, яратилган шароитлар натижаси ўлароқ, 2016 йилда яна бир ишлаб чиқариш ташкил қилдик. Рақамли ускуналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. 3D принтерлар, лазер дастгоҳлар каби юқори технологик ускуналарни ишлаб чиқаришни бошладик. Инновация вазирлиги қошидаги Яшнобод технопаркининг резидентига айландик. Лекин Яккасарой кичик саноат зонасининг кўчирилиши ҳақидаги гап бизга жуда қаттиқ таъсир қилди. Чунки, биз давлатга, шаҳар ҳокимиятига, ижара маркази билан тузган 10 йиллик шартномамизга ишониб, катта инвестициявий ишларни бажардик. Маблағлар тикилди, ишлаб чиқаришлар ташкил этилди. 

Кўчириш ишлари бизга таъсир қилмай қолмайди. Бу ерга ҳамма коммуникациялар, электр, сув олиб келдик. Энди оёққа турдик деган пайтда кўчирилиш, яъни бу ерни бузиб ташлашлари адолатсизлик бўлади. Сергелидан жой берилиб, кадастрлар қилиниши айтиляпти. Булар қанчалик ҳақиқат? 

Лекин бир марта бузилган шартнома иккинчи марта бузилишига ҳам ҳеч ким кафолат бермайди. Биз бу гаплардан кейин тадбиркорлигимизни Қозоғистонга кўчириш вариантини ҳам ўйлаб кўрдик. Қозоғистонликлар Чимкентдаги барча коммуникациялари бор технопаркни таклиф этишди. 

Ўзим “Умид” жамғармаси битирувчисиман. Хориждан кўп мутахассисларни қайтариш масаласида ҳаракатлар бўлмоқда. Лекин хориждаги мутахассисларимиз аввал ички ҳолатни ўрганади. Агар инвестор ва тадбиркорларга бундай муносабатни кўрса, уларнинг фикри ўзгариши аниқ. 

Шахсан давлат раҳбарининг айтганлари сабаб тўлиқ ишондик

Жўрабек Султанов, “Green Code Lazer” МЧЖ директори
—  Биз бу ерда 2014 йилдан бери фаолият юритамиз. Давлатимиз раҳбари ўшанда  бу жойларни Тошкент шаҳрида эксперимент шаклида хароб, қаровсиз ётган жойларда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун инвестиция шартлари билан бериш ҳақида айтган гапларини эшитиб келганмиз. 10 йил муддатга ижарага берилди. Шартнома ва шахсан давлат раҳбарининг айтганлари сабаб тўлиқ ишондик. Лойиҳани бошладик. 

Қўрқмасдан айтаман, республика экспорти учун товарлар тайёрлашнинг 30 фоизида иштирок этамиз. Иш бошланиши ҳақиқатан омадли бўлди. Ишни кенгайтиришга қарор қилдик. Ҳозирда технопарк ўрнида бошқа мажмуа қурилиши сабабли ижара шартномалари бекор қилиниши айтиляпти. Қайта ишни бошлаш 1-2 кунда бўладиган иш эмас. Шунингдек, бу мижозларни йўқотиш ҳамдир. Учинчидан, вақт масаласи бор. Тўртинчидан, Яккасарой туман ҳокими томонидан ноаниқ ваъдалар берилмоқда. Бу гап бир йилдан бери юргани учун кайфиятга таъсир қилмоқда. Тадбиркорлардаги шижоат анча сусайиб қолди. 

Икки “умидчи”дан сўнг, Туркия андозасида пойабзаллар ишлаб чиқарувчи тадбиркор ташвишларига қулоқ тутдик. 

Аросатда бўлиб турибмиз

Азиз Алиев, “Luis Fabiani” МЧЖ раҳбари
— 2014 йилда жой ажратилди. Ҳолати бир аҳволдалиги сабаб 45 минг долларга таъмирладик. Коммуникациялар ишларини ўзимиз қилганмиз. Шунга ҳам бир йил вақт кетган. 2015 йил иш бошлаганмиз. Биз ҳозирда эркаклар пойабзалини ишлаб чиқарамиз. Келажакда аёллар ва болалар пойабзалини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Энди йўлга қўймоқчи бўлиб турганимизда, шунақа ишлар бўлиб турибди-да. Ишлаяпмиз, буюртмалар бор, тожикистонликлар қизиқяпти, Қозоғистонга экспортни бошлаганмиз.  

Тадбиркорга тинчлик бўлса, шу етади. Бизнинг товарлар импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп бўлиб, ташқаридан қизиқиш катта. Асосий масаламиз – жой. Сарсонгарчилик кўп бўлмоқда. Ҳали бизга жой берадими, бермайдими бир гап йўқ. Биз “заказ” олайликми ёки олмайликми? Аросатда бўлиб турибмиз. Ишчиларимизни ҳам йўқотмаслигимиз керак. Уларни Туркияда ўқитиб келганмиз. Тадбиркорга муносабат ҳам шундай бўладими?

Саноат зонасида экспортни йўлга қўйган корхоналар кўп экан. Шундайлардан яна бири Россия ва Белорусия текстил маҳсулотлари билан таъминловчи корхона эгалари билан суҳбатлашдик. Экспортга давлат кенг имконият берган десак, дардлари бисёр экан...  

Қўлимиздаги тайёр нарсани нимага бузамиз? 

Елена Осипова, “O’ZlMIZNIKI” МЧЖ 
— 2014-2015 йилларда бу ҳудуд бўш ётган жой эди. 2014 йил келганимизда бу жойда ишлаб чиқариш қилишга чўчиганмиз. Жуда ҳароб ҳолда эди. 2015 йилда шартнома имзоладик. Бизга “10 йил ичида тегмаймиз, ижара пули кўтарилмайди” деган ваъдалар беришди. 

Инвестиция мажбуриятларини бажардик: 80 нафар иш ўрни, маълум миқдорда пул тикиш. 2017 йили 130 нафар иш ўрнига эга бўлдик. Экспортга чиқиш осон бўлмади. 2018 йили репутациямиз кўтарилишни бошлади. 2019 йили 3 та экспорт шартномаси имзоладик. Белоруслар билан битта шартнома, руслар билан иккита шартнома имзоланди. Бизда фақат миллий хом ашёдан тикилган маҳсулотлар ва биз бундан фахрланамиз. 

Экспортни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. 2019 йили 25 миллиард сўм товар айланмасига эришдик. Бундан 200 минг АҚШ доллари экспортдан тушган пуллардир. Келаётган йил учун 2 миллион долларга шартнома имзолаганмиз. 

Ўтган йилдан бери кўчиш ҳақида гаплар юрибди. Бу тадбиркорларга салбий таъсир қилди. Айни вақтда бизда 50 киши ишламоқда. Биз жон деб 200 киши ишлата оламиз, бироқ бу ҳолатда ишга қабул қила олмаймиз. Мажлис бўлганда, бир масала кўтарилди. Бизда вилоятдан келганлар ишлаётганини пеш қилишмоқда. Нима улар одам эмасми? Бу нормал ҳолат, бу доим бўлиб келган. 

Кўчсак бизга қандай имкониятлар беришади, компенсация нима бўлади? Бирорта тузукроқ жавоб ололмадик. Тушунмаганим шуки, қўлимиздаги тайёр нарсани нимага бузамиз? 

Зонага ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатиш анча вақт ва маблағ талаб қилган, ҳозир эса бошини қаёққа уришни билмай турганлар ҳам бор. 

Энди ўз ҳолига келиб, даромад қиламан деган вақтда бузишни айтишмоқда

Камола Айюпова, Paper and Plast Product МЧЖ
— 2015 йилда бизга ушбу технопарк ҳудудидан таклиф тушди. Шу жойга келиб дастгоҳларингизни ўрнатинглар, деб қўлимизга 10 йиллик шартнома берилди. Инвестиция мажбуриятлари билан жой берилди. Биз Хитойдан 400 минг АҚШ долларига кредит асосида шу дастгоҳларни олиб келдик. Хитойликлар келиб, дастгоҳларни ўрнатиб беришди. 1-2 йил вақтимиз уларни ўрнатиб, ишга туширишга кетди. Бу жойлар жуда кўримсиз бўлган. Ишлаб чиқаришни қуриш осон бўлмади. Катта-катта ҳовузлар қурганмиз. 

Ҳозирги кунга келиб ҳокимиятдагилар жойларни бузилишини айтишмоқда. Биз саросимага тушиб қолдик. Корхонамизни бузиш, монтаж ва демонтаж ишларига жуда катта маблағ кетади. Энди ўз ҳолига келиб, даромад қиламан деган вақтда бузишни айтишмоқда. Буни бузиб қайта ўрнатишни биладиган кадрлар йўқ. Биз хитойликларни таклиф қилишимиз керак. Бу орада мижозларимизни йўқотамиз. Бизда 40дан зиёд ишчи ўрни бор. Уларни шу соҳага ўқитганмиз. 

Масаланинг асл моҳиятига етиш учун иккинчи тараф Тошкент шаҳар, Яккасарой туман ҳокимлиги томон юзландик. Кичик саноат зонаси нима мақсадда кўчирилаётгани ва тадбиркорларга қандай шароитлар берилиши юзасидан саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик. Суҳбатдошимиз Яккасарой туман ҳокими бўлди.

Бу жойда меҳмонхона, бизнес марказлар ташкил этилади

ТУМАН ҲОКИМИДАН ТУШУНТИРИШ

 “Яккасарой кичик саноат зонасида 306 нафар тадбиркоримиз бор. Улардан 270дан зиёди ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ҳозирда Сергели саноат зонаси ташкил қилинган бўлиб, тадбиркорлар ўша жойга кўчирилади. Лекин ҳали аниқ ишлар бошлангани йўқ. Биз тадбиркорларни огоҳлантириб қўйиш учун йиғилиш ўтказдик. Ҳамма ишларни қонуний йўллар билан қиламиз. Бу масала Тошкент шаҳар депутатлар кенгашида тасдиқланди. 

Ишлаб чиқарувчиларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш осон иш эмас. Учрашувда тадбиркорларга Сергели саноат зонасидаги жойни, ҳамма коммуникацияларни тайёр қилиб, кейин кўчиришимизни тушунтирдик. Ҳар бир корхона билан алоҳида ишлаймиз. Ҳамма режаларни тайёрлаб, ҳар бир тадбиркорнинг шароитидан келиб чиқиб иш юритамиз. Ҳам ҳокимият томонидан, ҳам зонанинг Дирекцияси томонидан ёрдам берамиз. Сергели саноат зонасида жой уларга бириктириб берилади. Айни вақтда улар ижарада ўтиришибди. Энди уларнинг қўлида ҳоким қарори бўлади”, дейди Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов.

Амалдор Яккасарой туманидан тадбиркорларни кўчириш масаласига тўхталар экан, ривожланган давлатлар тажрибаси ҳақида айтиб ўтди. Урбанизация қоидалари бўйича ҳам шаҳар ўртасида саноат зонаси бўлмаслиги кераклигини айтди. 

“Ривожланган давлатларда шаҳар ўртасида ишлаб чиқариш корхоналарини кўрмайсиз. Биз инвестицияни олиб кириш, туризмни ривожлантиришни хоҳлаймиз. Тошкент шаҳар Яккасарой тумани бошқа вилоятлар билан чегарадош бўлмаган ягона тумандир. Яъни, пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган туман ҳисобланади. Бу жойда меҳмонхона, бизнес марказлар ташкил этилади. Меҳмонхоналар бизда жуда танқис. 

Урбанизация қоидалари бўйича ҳам ишлаб чиқариш корхоналари, аэропортлар шаҳардан ташқарида бўлади. Бу экология, атроф-муҳитга ҳам зарардир. Биз зонани шаҳарнинг чеккасига олиб чиқмоқчимиз. Буни қўшимча ўша жойга пул тикиб қўйишмасин деган мақсадда эълон қилдик. Ҳамма иш қонуний бўлади. Лекин ҳали ҳеч ким бирор тадбиркорни кўчиргани йўқ. Ҳеч кимга кўчасан деганимиз йўқ”, дейди Анвар Сайфутдинов.

Айни вақтда иқтисодий юксалиш, инвестиция оқими кириб келиши, экспортни ривожлантириш каби масалалар долзарб бўлиб турган вақтда умид қиламизки, мутасаддилар тадбиркорларнинг “бурнини қонатмайди”. Экспортчи-тадбиркорлар фаолияти доимгидек бир текисда давом этиши учун ҳокимият ўз ваъдаларида туради, мулк дахлсизлиги таъминланади. Шундоқ ҳам ташқи дунёда Ўзбекистон тадбиркорларга муносабат ва мулк ҳуқуқи борасида етарлича доғлари бор мамлакат сифатида кўрилади. 

QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини албатта кузатиб боради.

http://www.biznes-daily.uz/uz/2010-12-10-15-13-47/52934--yakkasaroy-kichik-sanoat-zonasini-boshqarish-dirktsiyasi
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг