“Тадбиркор бўлганимдан, мол боққаним яхши” – Қуйичирчиқда Олий суд қарорининг кучи йўқ
Жамият
−
11 Февраль 2020
104932020 йилнинг бошида қуйичирчиқлик фермер Акмалхўжа Турсунхоновнинг ери Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ туман ҳокими томонидан ноқонуний тортиб олингани ҳақида мақола эълон қилган эдик.
Мақолада туман ҳокими оз эмас, кўп эмас нақ 380 гектар ерни ноқонуний тортиб олгани Олий суд томонидан эътироф этилиб, ерни қайтариш ҳақида қарор чиқарилган бўлса-да, туман ҳокими ҳали-ҳануз отдан тушса ҳам, эгардан тушмай келаётгани айтилган.
Даставвал, мақоладан сўнг, Адлия вазирлиги бу иш ўрганилгани, туман ҳокимига огоҳнома киритилганини маълум қилди.
Сўнгра, Бош прокуратура бу иш Олий судда кўрилаётганини қайд этиб, Қуйичирчиқ туман ҳокими Олий суд қароридан норози бўлиб, Раёсатга шикоят қилганини таъкидлади.
Шундан сўнг, Олий суддан ҳам маълумотнома келди. Туман ҳокими шикояти қабул қилинмаган ва у қонунни бузган деган тамға олиб ташланмаган экан.
Ушбу воқеалардан сўнг, “ўзим хон, кўланкам майдон” дейдиган туман ҳокими қонунга, Олий суд қарорига бўйсуниб ерни қайтариб берган бўлса керак, десак... Кўрингки, амалдорга бу ҳам кор қилмабди.
Акмалхўжа Турсунхонов, “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги раҳбари:
— “Олий суд қарори қўлимда бўлгани билан ҳеч қандай шартнома муносабатларини тиклай олмаяпман. Еримга қонуний эгалик қила олмаяпман. Шундан сўнг, Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритиб, бир кунда ажрим чиқарилиб, 5 кунда суд белгиланиб, ерга бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилиш бўйича иш бошланяпти. Менга тегишли ишни кўриш ўзи туманда икки ойга чўзилган эди. Булар 5 кун ичида судни бошлашмоқда. Бунда ташқи босим бўлаётгани яққол кўриниб турибди.
ОАВда чиқишимдан сўнг, мендан камчилик қидириб юришибди. Бир вақтлар туман раҳбарлари Олий суд қарорини олиб келсам, еримни қайтариб беришларини айтишган эди. Олий суд қарорини олиб келсам ҳам ҳеч қандай натижа йўқ. Охири қўлимизни кўтарамиз, шекилли. Бундай тадбиркорлик қилгандан мол боққаним яхши.
Президентимиз мурожаатномада суд остоналарида адолатни ҳис қилиш кераклигини айтишганди. Бу ишларга ҳеч ким – прокуратура ҳам, Адлия вазирлиги ҳам ҳеч қандай чора кўрмаяпти. Олий суд қарори – кучи йўқ хужжат экан. Бу мутасаддиларнинг ишлари Президент гапларига қарши бўляпти”.
Олий суд қарорини на прокурор ва на ҳоким ижрога қаратган. Ваҳоланки, ўз вақтида туман прокурорининг шахсан ўзи Олий суд қарорини олиб келса, амалга киритишини ваъда қилган.
Қуйичирчиқда шундай ҳангомалар. Бир кулгинг келади, бир йиғлагинг... Бир ёқда Олий суд қарори увол бўлмоқда, бир тарафда прокурор бефарқлиги, ўртада тадбиркор сарсон. Юртни ривожлантириш тадбиркорга боғлиқ бўлиб турганда, фермер қонуний ерига эгалик қилолмаса... Буни қандай тушуниш мумкин? Ёки Тошкент вилоятида бошқа қонунлар амалдами?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь