“Вест Хэм” бахтсиз ҳодисадан омон қолган Антонио билан хайрлашди

Спорт

image

Англиянинг “Вест Хэм” клуби ямайкалик ҳужумчи Майкл Антонио билан шартномани узайтирмаслигини эълон қилди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар берилди.

35 ёшли футболчи ўтган йили 7 декабрь куни жиддий йўл-транспорт ҳодисасига учраб, бир неча ҳафта шифохонада даволанганди. Унинг тўлиқ тикланишига эса тахминан бир йил кетиши айтилмоқда. Клуб баёнотида қайд этилишича, Антонио ЙТҲдан кейин ҳам ажойиб жасорат ва қатъият кўрсатган. У июнь ойида Ямайка терма жамоаси сафида CONCACAF Олтин кубоги доирасида Гватемалага қарши ўйинда захирадан майдонга тушган.

Антонио 2015 йил январидан бери мазкур клубда тўп суриб, 2023 йилда Конференциялар лигасида ғолиб бўлганди. У “Вест Хэм” сафида жами 323 ўйин ўтказиб, 83 та гол урган ва 42 та голли узатма берган.

Маълум бўлишича, “Вест Хэм” Антониога келажакда клубда бошқа лавозимда ишлаш имкониятини таклиф этиш устида суҳбатларни давом эттирмоқда. Клуб унга реабилитация даврида спорт заллари, тиббий ёрдам ва машғулотларга кириш ҳуқуқини беришда давом этади.

Баёнотда барча ходимлар Антонио клуб тарихида ҳурматли ўрин эгаллашини ва унинг 10 йиллик фидокорона хизматлари учун миннатдор эканликларини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Вест Хэм Майкл Антонио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг