Венгрияда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Олам

image

Венгрияда кучли қурғоқчилик ва сув танқислиги сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 29 июль куни мамлакат Атроф-муҳит вазири Ласло Гайдош ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Вазирнинг билдиришича, мамлакат ҳудудининг қарийб 74 фоизи жиддий сув танқислигидан азият чекмоқда. Шу сабабли сув хўжалиги тизими энг юқори тайёргарлик режимига ўтказилган.

“Венгриянинг сув танқислиги кузатилаётган 84 та туманидан 66 тасида қурғоқчилик индекси белгиланган учта меъёрдан ҳам ошиб кетди. Шу боис фавқулодда ҳолат эълон қилдим”, дейди Гайдош.

Унинг айтишича, мутахассислар вазиятни барқарорлаштириш учун зудлик билан иш бошлаган. Хусусан, Дунай дарёсининг Пакс шаҳри яқинидаги қисмида тўртта насос станцияси ва иккита сузувчи кран шай ҳолатга келтирилган. Сув сатҳи янада пасайган тақдирда ҳам сув таъминотини узлуксиз сақлаш мақсадида 55 нафар мутахассис туну кун ишламоқда.

Қайд этилишича, вазият айниқса қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудларда оғир. Дунай дарёсидаги сув сатҳи рекорд даражада пасайган. Хусусан, Пакс ҳудудида сув сатҳи 116 сантиметрни, мамлакат жанубидаги Бая шаҳрида эса атиги 4 сантиметрни ташкил этган.

Маълумотларга кўра, Дунайдаги сув сатҳининг кескин пасайиши кема қатновига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, Венгриядаги Пакс ягона атом электр станцияси ҳам сув тақчиллиги сабаб электр ишлаб чиқариш қувватини камайтиришга мажбур бўлган.

Бундан ташқари, мамлакатдаги энг йирик кўлларда ҳам сув сатҳи сезиларли даражада пасайгани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганданинг Караможа минтақасида узоқ давом этган қурғоқчилик ҳосилни бутунлай нобуд қилганидан кейин камида 16 нафар маҳаллий аҳоли вакили очликдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг