Венесуэла Президенти Х’га киришни тақиқлади (видео)
Олам
−
09 Август
3115Венесуэла Президенти Николас Мадуро Х ижтимоий тармоғига киришни 10 кунга тақиқлашни буюрди. Бу ҳақда у пойтахт Каракасдаги Мирафлорес саройида тарафдорларига мурожаат қилаётганида сўз очди.
Мадуро Х Венесуэлада нафрат ва зўравонлик тарқатаётганини айтди. Президент ушбу мавзуни Миллий телекоммуникация комиссияси (CONATEL) билан муҳокама қилганини ва Х’га киришни ўн кунга ёпиш бўйича зарур кўрсатмалар берганини маълум қилди.
"Венесуэланинг конституцияси бор, давлат бор ва сиз уларни ҳурмат қилишингиз керак", деб таъкидлади Президент ва тарафдорларини унинг қарорини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Сиёсатчи бир кун келиб Венесуэлада WhatsApp, Instagram ва TikTok’дан ташқари янги ижтимоий тармоқлар пайдо бўлишига ишонч билдирди.
Шунингдек, Мадуро Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маскни Венесуэланинг қасамёдли душмани деб эълон қилди.
Қайд этиш жоизки, Венесуэла Президенти Мадуро 28 июль куни ўз мамлакатида ўтказилган президентлик сайловларида учинчи бор ғалаба қозонди. Америкалик миллиардер Илон Маск “сайловлар сохталаштирилган” деб айтди.
Маскнинг айбловларига жавобан Мадуро шундай деди:
“Мунозарани хоҳлайсизми, Илон Маск? Мен тайёрман, мен Боливарнинг ўғлиман, Чавеснинг ўғлиман, мен сиздан қўрқмайман”.
Мадуро Маскни мамлакатда зўравонликларни қўзғатганликда айблаб, уни Венесуэланинг душмани деб атади. Маск агар дуэлда ғалаба қозонса, Мадуродан диктаторликдан кетишини талаб қилишини ва SpaceX компанияси ёрдамида Марсга текинга жўнатишини айтди.
Бундан ташқари, Мадуро сайловдан кейинги ғалаба нутқи чоғида Миллий сайлов комиссиясига хакерлар ҳужуми ортида Маск турганига ишонч билдирди.