Вазият жиддий: Россияга қарши яна тўрт давлат санкция жорий қилди
Олам
−
23 Февраль 2022
24321Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари Украина шарқида россияпараст сепаратистлар томонидан ташкил этилган Донецк ва Луганск халқ республикаларининг(ДХР ва ЛХР) тан олиниши муносабати билан Россияга қарши санкциялар киритди.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо иқтисодий санкцияларнинг “биринчи раундини” эълон қилди, деб хабар бермоқда CTV. Таъкидланишича, чекловлар ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олишни қўллаб-қувватлаган депутатларга таъсир қилади. Бундан ташқари, канадаликларга республикалар билан молиявий операцияларни амалга ошириш тақиқланган.
“Тан олиш Россиянинг БМТ низомидаги мажбуриятларини бузиш ҳисобланади. Канада, шунингдек, Россия ҳарбийларининг ҳаракатларини, жумладан, Украина ҳудудига юриш ҳақидаги буйруқларини қоралайди, бу Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига аниқ ҳужумдир”, деган Трюдо.
Россиянинг Оттавадаги элчиси Олег Степанов Канада расмийларининг қарорини изоҳлар экан, бу чоралар “Россиянинг Донбассда тинчликни таъминлашга қаратилган сиёсати ва амалий йўналиши”га таъсир қилмаслигини айтган.
Австралия Бош вазири Скотт Моррисон ҳам санкцияларни эълон қилган, улар бир қатор россиялик шахсларга нисбатан жорий этилади.
“Биринчидан, биз Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг саккиз аъзосига киришни тақиқлаш ва мақсадли молиявий санкциялар жорий қиламиз”, деган Моррисон.
Қайд этилишича, бундан ташқари, расмийлар “Қрим ва Севастополга тегишли” мавжуд санкцияларни кенгайтиради: энди улар “Донецк ва Луганск вилоятларига” қўлланилади.
Буюк Британия эса Россиянинг беш банки ва уч нафар россиялик: Борис ва Игор Ротенберг ҳамда Геннадий Тимченкога қарши санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда Бош вазир Борис Жонсон парламентда сўзлаган нутқида айтиб ўтган.
“Бу санкцияларнинг биринчи тўлқини”, деган Жонсон, агар Россия Украинага бостириб кирса, Британия янги санкциялар жорий этишини таъкидлаб.
Банклардан Промсвязьбанк, “Россия”, Саноат жамғарма банки, Қора денгиз тараққиёт банки, Генбанк санкциялар остида қолган.
“Уларнинг (санкцияга дучор бўлган шахслар ва ташкилотлари) Британиядаги активлари музлатилади, бу одамларнинг Британияга кириши тақиқланади. Британия фуқаролари ва ташкилотларига улар билан бизнес юритиш тақиқланади”, дея қўшимча қилган Жонсон.
Унинг қайд этишича, Британия АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳаракатларни мувофиқлаштириб, Россияга қарши санкцияларни давом эттиришга тайёр.
Япония ҳукумати ҳам Россияга, шунингдек, Донбасс республикаларига нисбатан бир қатор чекловчи чораларни жорий этишга қарор қилган. Бу ҳақда Япония Бош вазири Фумио Кисида маълум қилган.
У Москвани “Украина атрофидаги вазиятни ҳал қилиш бўйича дипломатик қадамларга қайтишга” чақириб, ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузиш” эканлигини таъкидлаган.
Санкциялар Донбасс республикалари вакилларига виза беришни тўхтатиш ва уларнинг капиталини музлатиш, ушбу республикалар билан импорт-экспорт алоқаларини тўхтатиш, шунингдек, Россия ҳукуматининг янги суверен қарзларини жойлаштириш ва операцияларини ўз ичига олади.
“Келгусида биз ушбу чора-тадбирларнинг тафсилотларини ҳал қиламиз ва кечиктирмасдан зарур тартиб-қоидаларни амалга оширамиз”, деган Бош вазир ва агар вазият ёмонлашса, чора-тадбирлар рўйхатини кенгайтириш мумкинлигини таъкидлаган.
Аввалроқ, АҚШ ва ЕИ Россияга қарши санкциялар жорий қилгани айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Қолаверса, 22 февраль куни Европа Иттифоқи Россия армиясини молиялаштирган учта банкка нисбатан санкциялар жорий қилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь