Вазият ёмон томонга қараб кетяпти – Турдимов самарқандликларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
11 Июль 2020
16974Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Ўзбекистонда ва ўз ҳудудида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли самарқандликларга мурожаат билан чиқди. У вазият оғирлашаётганини, ҳар куни кўплаб туман ва шаҳарларда касаллик аниқланаётганини маълум қилди.
“Бугунги кунда вазият ёмон томонга қараб кетяпти. Вилоятда бир куннинг ичида, 10 июль куни 37 та ҳолат аниқланди. Касалланганларнинг жами сони 573 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 475 нафари соғайган. Самарқанд шаҳрида бир кунда 27 та ҳолат аниқланди. Беморларнинг 3 таси Пастдарғом туманида, 2 таси Каттақўрғон туманида қайд этилди. Даволанаётган беморлардан 3 нафарининг аҳволи ўта оғир, 18 нафар бемор оғир аҳволда қолмоқда. 2 775 нафар фуқаролар карантинда бўлиб турибди”, деди Турдимов.
Вилоят ҳокими бутун мамлакатга қатъий карантин қайтганини таъкидлаб, фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди. Бу касалликка ишонмаётганларга эса оғир аҳволда ётганларни эслатиб ўтди.
“1 августга қадар мамлакат бўйлаб “қизил” ҳудуддагидек карантин қоидалари жорий қилинди. Бу масалага жиддий қарашингизни сўрайман. Чунки кўрсаткичлар яхши томонга кетмаяпти. Ижтимоий тармоқларда эшитяпмиз, одамлар “бу йўқ нарса, COVID-19 ўйлаб топилган”, деб карантин қоидаларини қўпол равишда бузмоқда. Мен бежизга 3 нафар фуқаронинг ўта оғир аҳволда эканлигини, 18 киши оғир ҳолатдалигини айтмаяпман. Бу бор нарса эканки, шундай кўрсаткичлар кузатиляпти. Ўзимизни, бир-биримизни асрамасак, ўлим ҳолатлари кўпайиши мумкин. Бунинг олдини олишимиз, фуқароларимизни асрашимиз керак. Биринчи мақсад шу”, дея фуқароларни огоҳлантирди Эркинжон Турдимов.
У сўзида давом этиб, жойларда барча туман ҳокимлари, мутасадди ташкилотлар кам таъминланган оилаларга, ишини йўқотган, қийналган оилаларга озиқ-овқат кўринишида моддий ёрдам кўрсатиб боришини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, вилоят раҳбари уйда даволанишга уринаётган фуқароларга иситма бошланиши билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилишлари кераклигини эслатиб ўтди.
“Фуқароларимиз коронавирусга йўлиққандан кейин ўзларича даволаниб, пневманияга айлангандан сўнг тиббий муассасаларга мурожаат қилмоқда. Бундай ҳолатлар кўплаб учраяпти. Иситма пайдо бўлдими, дарҳол тиббий муассасага мурожаат этишингизни сўрайман. Тиббиёт ходимлари, мутахассислар керакли чораларни кўришади.
Шунинг учун, ўзимни даволайман, тез ўтиб кетади, бу ўткинчи нарса, иккита таблетка ичсам, яхши бўламан, деган нарсадан йироқ бўлинг, дарҳол тиббиёт муассасасига мурожаат қилинг. Шунда кўплаб нохушликларнинг олдини оламиз. Агар бирлашсак, коронавирусни енгамиз”, деди Турдимов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь