Вазият қалтис – Тўқаев ТДТда хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирди
Олам
−
03 Ноябрь 2023
10979Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий Давлатлар Ташкилоти стандартлари ва терминологиясини тизимлаштириш ва тегишли қонун лойиҳасини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда у Туркий давлатлар ташкилотининг Остонадаги саммитида сўз очди.
“Туркий давлатларнинг синхрон ривожланишини таъминлаш муҳим. Биз давлатларимиз стандартлари ва терминологиясини тизимлаштиришни мақсадга мувофиқ деб биламиз. Шу муносабат билан намунавий қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ кўриб чиқишни ва уни тасдиқлашни сўрайман”, деган Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус товарларни умумий бозорга эркин экспорт қилиш йўлини очади.
“Ягона стандартлар ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини қарийб 1 фоизга таъминлайди. Ҳозир мамлакатларимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 1,4 триллион долларни ташкил этади. Жорий йилда ташкилот аъзолари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 22 миллиард доллардан ошди. Умумий талаблар тасдиқланса, бу кўрсаткични 1,5 баробарга ошириш мумкин”, дейди Тўқаев.
Шунингдек, у Туркий давлатлар ташкилоти учун маълумот маркази ташкил этишни таклиф қилди.
“Ушбу марказ маҳсулотни синовдан ўтказиш натижаларининг ўзаро тан олинишини таъминлайди, шунингдек, кимё ва озиқ-овқат саноати соҳасида янги тадқиқотлар олиб боради”, деди Қозоғистон Президенти.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик
Бундан ташқари, Тўқаев ТДТ иштирокчилари ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташаббуси билан чиқди.
“Халқаро вазият заифлигича қолмоқда. Ҳозирги нотинч замонда туркий халқлар бирлигини мустаҳкамлаш ғоят муҳим, бу умумий хавфсизлигимизнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилади. Қурол ва гиёҳванд моддалар савдоси, терроризм, экстремизм ва миграция билан боғлиқ муаммолар кучаймоқда. Бундай таҳдидларнинг олдини олиш учун хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш керак”, деди Тўқаев.
Шу муносабат билан у келаси йили ТДТ хавфсизлик кенгашлари бош котибларининг учинчи йиғилишини Остонада ўтказишни таклиф қилди.
“Жиноятга қарши биргаликда курашиш ва туркий давлатларнинг молиявий тергов органлари ўртасида маълумот алмашиш тўғрисида битим тузиш муҳим”, дея тушунтирди Қозоғистон Президенти.
У, шунингдек, ТДТ минтақалараро савдони кенгайтириш ва иқтисодиётга сармоя киритишга эътибор қаратишни таклиф қилди.
“Иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун яшил молия бозорини ривожлантириш зарур. Маълумки, Қозоғистон Туркий тиллар яшил молия кенгашини тузишни таклиф қилган. Остонага туркий дунёнинг молиявий маркази мақомини бериш ташаббуси қўллаб-қувватланди”, дейди Тўқаев.
Сайлов соҳасидаги ҳамкорлик
Бундан ташқари, Тўқаев ТДТ аъзолари ўртасида сайлов соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташаббуси билан чиқди.
“Туркий давлатлар ўртасида сайлов соҳасида ҳамкорликни кучайтириш зарур. Марказий сайлов органларининг маслаҳат кенгашини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш керак. Сўнгги пайтларда халқаро ва минтақавий тузилмалар томонидан ташкилотимизга қизиқиш кучаймоқда”, дейди Тўқаев.
У Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига кузатувчи мақоми бериш ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти ТДТ ва Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.
“Ташкилот фаолиятини оптималлаштириш бўйича чора-тадбирларни давом эттириш зарур. Шу муносабат билан Туркий Давлатлар Ташкилотига доимий вакилларимизни тайинлаш масаласини тезроқ ҳал этишингизни сўрайман. Котибият ходимлари сонини ошириш таклифини ҳам олқишлаймиз”, дейди Тўқаев.