Хотин-қизларга ОТМга кириш учун яна бир имтиёз берилмоқда
Жамият
−
22 Январь 2023
32280Ўзбекистонда Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагидаги хотин-қизлар учун яна бир имтиёз берилмоқда.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 январда қабул қилинган “Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузуридаги “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ” 21-сонли қарорида назарда тутилган.
Қарор талабларига кўра, бунинг учун қизлар “Тўмарис издошлари" жамоасига аъзо бўлиб, ИИВдан тавсиянома олишлари керак.
“2023 йил 1 июндан бошлаб ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этиладиган бўлди”, дейилади қарорда.
“Тўмарис издошлари”нинг асосий вазифалари эса хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид тадбирдарда иштирок этиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, аҳоли билан ўтказилаётган профилактик тадбирларда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ўқувчи ва талаба қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган масалаларни аниқлаш каби масалалар белгиланган.
Қайд этилишича, “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида фаолият юритади.
“Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари аъзоларига Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсияномасига асосан ҳуқуқ тартибот органларининг олий таълим муассасаларига (Ички ишлар вазирлиги Академияси, Миллий гвардия тизимидаги Жамоат хавфсизлиги университети) белгиланган тартибда саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг якка тартибдаги сухбатсиз (тест синовларисиз) квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади”, дейилган Қарор талабларидан бирида.
Қолаверса, уч ой ичида "Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳлари ташкил этилиши ҳам белгиланган.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов зиммасига юклатилган.
LiveБарчаси