Вазирлар Маҳкамасида янги лавозимлар жорий этилди
Жамият
−
14 Май 2020
9884Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди.
Қуйидаги лавозимлар киритилди:
• Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;
• Бош вазир маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи;
• Бош вазир маслаҳатчиси – Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида қуйидагилар тугатилди:
• Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
• Бош вазирнинг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;
• Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти;
• Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти.
Шунингдек, қарор билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти ташкил этилди.
Қарор билан Бош вазирга бир қатор янги вазифалар юкланди.
Бош вазир (Абдулла Арипов), жумладан, IT-технологиялар, “электрон ҳукумат”ни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, телекоммуникациялар, илм-фан, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантиришни таъминлаш фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Беҳзод Мусаев тайинланди. У бунгача Давлат солиқ қўмитасининг раиси бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь