Вазир Озодбек Назарбеков МЧЖ таъсисчиси экани аниқланди
Маданият-санъат
−
31 Май 2023
36003Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков 2016 йилда ташкил этилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани маълум бўлди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш ишларини ўтказган. Натижада ҳақиқатдан ҳам О.Назарбековнинг 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖнинг 100 фоизлик улуш билан таъсисчиси эканлиги аниқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”да давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги белгиланган.
Шу ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя қилган ҳолда юқоридаги ҳолат бартараф этилиб, “Коба санъат мажмуаси” МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилган.
Шунингдек, кеча, 30 май куни Маданият ва туризм вазирлигига келгусида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилган.
LiveБарчаси