Қўйнидан тўкилса, қўнжига. Назарбеков яна мукофотланди
Маданият-санъат
−
23 Август 16121 2 дақиқа
Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан мукофотланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 23 август куни тегишли фармонга имзо чекди.
Қайд этилишича, вазир Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг ёрқин истеъдоди туфайли мукофотланган.
Маълумот ўрнида, Озодбек Назарбеков 1974 йилнинг 7 май куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқовнинг қўлида таҳсил олган. 1994 йилдан ижодий фаолиятини бошлаган.
У 2007 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2010 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 2012 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
2020 йилда эса ўша пайтдаги Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Назарбековни Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирлаган. Жорий йилнинг апрель ойида Озодбек Назарбеков Тожикистон халқ ҳофизи фахрий унвони билан тақдирланган. Сентябрда эса унга Қирғизистон халқ артисти унвони берилди. Озодбек Назарбеков 2017-2020 йилларда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2020 йилдан ҳозиргача Маданият вазири лавозимида ишлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков хусусий университетни реклама қилганди. Қайд этиш жоизки, бу вазир Назарбековнинг биринчи марта рекламага тушиши эмас. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Халқ артисти Озодбек Назарбеков иштирокида кийимлар дўкони рекламаси тарқалганди. Ҳолат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганилганидан сўнг дўкон жаримага тортилган, вазир эса айбсиз деб топилган. Қўмита раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов ўшанда вазир нега айбсиз эканига тушунтириш бериб, Назарбеков рекламани ҳеч қаерда тарқатмагани учун рекламанинг айланишида расман иштирок этмаганини, у реклама берувчи ҳам, реклама тайёрловчи ҳам, реклама тарқатувчи ҳам эмаслигини билдирганди.
Live
Барчаси