Вашингтонда Трампнинг инаугурацияси олдидан норозилик намойиши ўтказилди

Олам

image

Кеча, 18 январь куни минглаб намойишчилар, асосан аёллар, 20 январь куни қасамёд қиладиган АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга қарши норозилик билдириш учун Вашингтон кўчаларига чиқди. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

“Халқ марши”– илгари “Аёллар марши” номи билан аталган – 2017 йилдан бери ҳар йили ўтказилади.

Бир нечта фаол гуруҳлар “Трампизмга қарши туриш” ҳаракатини уюштирган. Трампга қарши кичик норозилик намойишлари Нью-Йорк ва Сиэтлда ҳам бўлиб ўтди.

Митинглар Трампнинг президентлик қасамёдини қабул қилиш маросими олдидаги тадбирлар учун мамлакат пойтахтига келиши билан бир вақтга тўғри келди.

Вашингтонда ўтказилган “Халқ марши” аввалги шунга ўхшаш тадбирларга қараганда камроқ одамни жалб қилди.

Ташкилотчилар 50 минг киши қатнашишини кутган. Аммо келганлар сони 5000 га яқинни ташкил қилган.

Намойишчилар учта боғда тўпланиб, сўнг Линкольн ёдгорлиги олдига чиқди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, уларнинг мақсади “автократларга қарши курашнинг ўтмишдаги муваффақиятлари ва самарали стратегияларига асосланиб” Трампга қарши туришдир.

“Халқ марши” биринчи марта Трамп 2016 йилда Демократик партиядан президентликка номзод Ҳиллари Клинтонни мағлуб этганидан кейин бўлиб ўтган. Аёллар Трампнинг биринчи инаугурациясининг эртасигаёқ норозилик билдиришга чақирди ва юз минглаб одамлар бу чақирувга жавоб берди.

Аёллар марши кейинги йилларда “Трампнинг кун тартибига қаршилик” деб аталадиган асосий намойиш бўлиб қолди. Аммо кейинги юришларнинг ҳеч бири бу қадар кенг кўламли эмас эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп инаугурацияси Вашингтондаги Капитолий биноси ташқарисида эмас, ичида бўлиб ўтишини маълум қилганди. Трампнинг айтишича, АҚШ пойтахтида 20 январь куни совуқ Арктика шамоллари ва “рекорд даражада паст ҳарорат” кузатилиши кутилмоқда. Шунинг учун маросим бино ичкарисига кўчирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Вашингтон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг