Ван Гогнинг “Гуллаётган каштанлар” асари рекорд нархда сотилди

Маданият-санъат

−

image

Винсент Ван Гогнинг “Гуллаётган каштанлар” картинаси Нью-Йоркдаги Sotheby's аукционида рассом асарлари учун рекорд кўрсаткич ҳисобланган 190,4 миллион долларга (комиссия тўловлари билан бирга) сотилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди. 

Қайд этилишича, 1890 йилда яратилган ушбу полотно жаҳон аукционлари тарихидаги энг қиммат санъат асарлари тўртлигидан ҳам жой олиб, Леонардо да Винчи, Густав Климт ва Энди Уорхол асарларидан кейинги ўринни эгаллаган. Савдолар бошланишидан олдин у 180 миллион долларга баҳоланган. Бунгача Ван Гог картиналари орасидаги нарх рекорди “Сарв дарахтли боғ” (1888 йил) асарига тегишли бўлиб, у тўрт йил аввал 117,2 миллион долларга сотилган.

Аукциондан бир кун олдин Sotheby's 1936 йилда “Гуллаётган каштанлар”ни сотган яҳудий ноширнинг меросхўрлари даъволарини ҳал этишга муваффақ бўлган. Улар картина нацизм даврида босим остида сотилганини даъво қилиб, реституция (мулкни қайтариб бериш) талаб қилган. Аукцион уйи текширув ўтказиб, битим виждонан ва қонуний тарзда амалга оширилган деган хулосага келган.

Асарнинг харидори арт-дилер Уильям Аквавелла бўлиб, у картина учун Sotheby's комиссияларисиз 165 миллион доллар тўлашга рози бўлган. Худди шу савдоларда Поль Сезаннинг “Арлекин” (1888–1890 йиллар) асари ҳам 111 миллион долларга сотилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жексон Поллокнинг машҳур санъат асарларидан бири Christie’s кимошди савдосида рекорд нарх – 181 миллион долларга сотилганди. Мутахассислар ушбу асарни “санъат тарихидаги биринчи чинакам мавҳум расмлардан бири” сифатида таърифлайди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг