“Валенсия” билан ўйинда “Реал”нинг яна бир аъзоси ирқчиликка учрагани аниқланди
Спорт
−
11 Июль 2023
2913Ла Лига мутахассислари “Валенсия” клуби мухлисларининг “Реал”нинг бразилиялик футболчиси Эдер Милитаога нисбатан ирқчилик қилганини аниқлаб, судга хат йўллади. Бу ҳақда “Cope” хабар берди.
Ҳозирда Винисиус билан боғлиқ ирқчилик иши кўриб чиқилмоқда. Ла Лига судга хат йўллаб, ўша ўйинда “Месталья” стадиони трибуналаридан ирқчиликка асосланган ҳақоратлар мадридликлар ҳимоячиси Эдер Милитаога ҳам айтилганини аниқлади. Лига ўз хатида суддан ҳолатга нисбатан чора кўришни талаб қилиб, ўз вакилига судда нутқ сўзлаш имкониятини сўради.
Таъкидлаш жоиз, “Валенсия” “Реал” билан ўйинда ирқчилик қилингани учун 45 минг евро жаримага тортилганди. Шунингдек, Ла Лига “Месталья” трибуналаридан бирини 5 та ўйинга ёпиб қўйди, бироқ кейинчалик жазо 27 минг евро ва 3 та ўйинга қисқартирилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда Испания чемпионати доирасидаги ўйинда “Валенсия” мухлислари “Реал” вингери Винисиус Жуниорни “маймун” деб ҳақорат қилган, шу муносабат билан ўйин 8 дақиқага тўхтатилган эди.
Шунингдек, ўйин давомида Винисиус майдондан четлатилганди. Бразилиялик футболчи иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтда “Валенсия” футболчилари билан бўлган муштлашувда бевосита иштирок этди ва футболчи фаолияти давомида биринчи марта тўғридан-тўғри қизил карточка олди.
“Валенсия” – “Реал” ўйинининг баҳсли эпизодида Винисисус рақиб футболчиси Уго Дурони уришидан олдин, “Валенсия” аъзоси бразилиялик футболчини бўғиб олганди. Бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеа видеотакрорни кўриб, бразилиялик футболчига қизил карточка кўрсатиб, Дуронинг ҳаракатларини эса эътиборсиз қолдирди.
Испания спорт мусобақалари қўмитаси (RFEF) кўп соатлик муҳокамалардан сўнг, Винисиусни дисквалификацияни бекор қилишга қарор қилди. Сабаби “Реал” – “Валенсия” учрашуви ҳаками воқеа ҳақида, жумладан, унинг асосий қисми ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмагани учун эпизодга нотўғри баҳо берган.