Вакциналар бепуштликка олиб келадими? Нурмат Отабеков жавоб берди
Интервью
−
15 Июль 2021
15874Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш кампанияси бошланганига мана 3,5 ой тўлди. Мамлакатда аҳоли уч турдаги – AstraZeneca (CovieShield), “Спутник V” ҳамда ўзбек-хитой вакциналари билан эмланмоқда. Аммо одамларда COVID-19 га қарши препаратларга ишонч камроқ. Бунга вакцинациядан кейин инсон организмида жиддий асоратлар бўлиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳам таъсир қилмоқда. Шундай миш-мишлардан бири вакцина инсон пуштига зарар етказиши ҳақида.
QALAMPIR.UZ коронавирусга қарши қўлланилаётган вакциналар бепуштликкка олиб келадими, деган савол билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабековга юзланди.
“Биринчидан, инсониятнинг ирсиятини шакллантирувчи генлар, бутунлай бошқа. Вируслар бизнинг иммунитетимиздаги генларимизга мутлақо тескари нарса. Вакцинанинг ирсият ва хотирага таъсир қилиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Вакциналар туфайли тромблар ҳосил бўлиши, тромбо эмболия туфайли одамлар ўлаётгани, қон қуйилиши, инфаркт, инсульт касалликларини келтириб чиқариши ҳақидаги гаплар урчиди. ЖССТ статистикасига кўра, тромб билан боғлиқ патологик касалликлар билан 3 миллион 700 000 дан зиёд одам ҳаётдан кўз юмади. Тасодиф эҳтимоли бор-ку, ахир. Юқоридаги кўрсаткич жуда катта миқдор. Шундай экан, вакциналарнинг касаллик қўзғатувчи ҳусусияти йўқ”, дейди Отабеков.
Мутахассиснинг таъкидлашича, аслида тромб хасталигига чалинган бемор эмлаш курсини олган бўлиши мумкин.
Нурмат Отабековга кўра, инсон организми бегона оқсилларга нисбатан кучли аллергияси борлигини билмайдиган бўлса, вакцина ножўя таъсир қилиши, агар сақлашда хатоларга йўл қўйилса, ҳатто, ўлимга олиб келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
“Бегона оқсиллар танага қабул қилинганда, икки хил ҳолат бўлиши мумкин. Асорат ва ножўя таъсир. Ҳолсизланиш, вакцина қилинган жойнинг оғриши, асабийлашиш кузатилиши мумкин. Шунинг учун ҳам эмланган шахслар 30 дақиқа давомида эмлаш пунктининг ўзида, 3 кун эса уй шароитида кузатувда бўлмоқда. Улардан ҳол-аҳвол сўралмоқда. Қўрқув билан боғлиқ ҳолатлар ҳам бор. Ҳушдан кетиш, қон босимининг кўтарилиши, асабийлашиш, ҳаяжонланиш кабилар кузатилиши аниқ. Чунки биз онгли равишда эмлашга боряпмиз. Ишонган тақдиримизда ҳам қандайдир қўрқув бўлади. Вакцинадан кейин анофлактик шок бўлиши мумкин. Қачонки, тирик вируслар орқали вакцина яратилса ва ҳароратни сақлашда хатога йўл қўйилса, ампуланинг ичида улар ифлослантириб қўйилса, ўлимга қадар олиб келиши ҳеч гап эмас”.
Нурмат Отабеков билан бўлиб ўтган суҳбатнинг тўлиқ видео талқинини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.