“Вагнер” раҳбарларининг оилаларига таҳдид бўлгани учун Пригожин исённи тўхтатган – “The Telegraph”
Олам
−
26 Июнь 2023
29201Буюк Британия разведкаси Евгений Пригожин 24 июнь кунги исённи Москвага етмай тўхтатишига Россия Федерал хавфсизлик хизмати агентлари “Вагнер” раҳбарларининг оилаларига таҳдид қилгани сабаб бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри Британия разведкасига алоқадор манбаларига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Пригожин “адолат юриши”ни тўхтатишидан аввал ФХХ агентлари “Вагнер” раҳбарларига оилаларига зарар етказиш билан таҳдид қилган.
Шунингдек, Пригожиннинг юришида қатнашган ёлланма ҳарбийлар у даъво қилганидек 25 минг эмас, атиги 8 минг атрофида бўлгани ва пойтахтни эгаллашга қаратилган ҳар қандай уриниш мағлубият билан тугаши мумкинлиги айтилган.
Нашр манбасига кўра, эндиликда Путин “Вагнер”ни Россия Мудофаа вазирлигига қўшиб юборишга, унинг раҳбарларини эса йўқ қилишга уринади.
Кремль ва “Вагнер” раҳбари ўртасида тузилган келишув шартлари ҳозирча номаълум. Шунингдек, Путин келишув бўйича Сергей Шойгуни лавозимидан озод қилиши ҳам аниқ эмас.
Пригожин Москвага бормаслигини эълон қилганидан буён ҳалигача бирор марта кўриниш бермагани ҳам баъзи шубҳаларни юзага чиқаради. Кеча, 25 июнь куни Кремль ташвиқотчиси Андрей Гурулёв Пригожин ва яна бир таниқли Вагнер арбоби қатл этилишидан бошқа чора йўқлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Путин ҳам исён куни чиқиш қилганидан буён ҳали оммага кўриниш бермади. Кеча унинг “махсус операция” бўйича олдиндан ёзиб олинган видеоси Россия давлат телевидениесида намойиш этилди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу эса Пригожиннинг Москвага юришидан буён илк марта чиқиш қилди. У Украинадаги Ғарбий кучлар гуруҳи бирлашмаларидан бирининг қўмондонлик пунктини кўздан кечиргани акс этган видеолавҳа мамлакат Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Разведка маълумотларига кўра, Украина томони Россиядаги тартибсизликлардан фойдаланиб, Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларни кучайтирган. АҚШ эса Кремлга қарши ҳарбий тўнтариш оқибатида ядровий арсенал устидан назорат қўлдан чиқиб кетишидан хавотирланган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олганди. Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бунинг ортидан Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ҳужум отрядлари жангчиларига, Президент Владимир Путин эса россияликларга мурожаат билан чиқди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Россияда бўлиб турган фуқароларини огоҳлантирди.