Ўзсаноатқурилишбанк ЎзМУ талабаларига стипендия ажратади
Бизнес
−
15 Февраль 2020
5934Ўзсаноатқурилишбанк Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан ахборот-коммуникация технологиялари ва математика йўналишида мутахассисларни жалб қилиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Келишувга кўра, Банк томонидан университетнинг юқори босқич талабалари учун стипендия ажратилиши режалаштирилган. Бунда стипендия Банкдаги амалиёт жараёнларини аъло даражада ўтаган ва тегишли комиссия суҳбатидан муваффақиятли ўтган талабаларга мўлжалланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Банк тизимда инновацион ечимларни жорий қилиш мақсадида талабаларнинг шу соҳага доир янги дастурий тизимларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Бунинг учун университет биносида “Ўзсаноатқурилишбанк инновацион маркази” ишга туширилади. Марказда талаба-ёшлар дастурий таъминотлар яратиш, уларни банк ахборот-коммуникация технологиялари тизимида жорий қилиш, шу соҳада янги банк хизматлари учун бизнес жараёнларни ташкил этиш, умуман, банк бизнесининг барча йўналишлари бўйича назарий билимларини амалий кўникмалар асосида мустаҳкамлашга қулай шароит яратилади.
Шунингдек, томонларнинг келишуви банк ходимларининг АКТ ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга ҳам қаратилган. Бу борада иш университетнинг маҳоратли педагогларини жалб қилган ҳолда ташкил этилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанкда ходимлар малакасини ошириш ҳамда улар захирасини шакллантириш замонавий услубда олиб борилмоқда. Банкнинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан турли мазмундаги лойиҳаларни амалга ошириши шу йўналишдаги чора-тадбирлар сирасига киради.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси