Аждаҳо ва Бургут учрашуви

Таҳлил

“Икки қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамас”. Хитой ва АҚШ ўртасидаги рақобатни айнан мана шу бир мақол билан таърифлаш мумкин. Совуқ уруш якунлангач, Ер шарида энг қудратли давлат бўлиб қолган АҚШнинг гегемонияси бугун хавф остида. Мутлақ ўзга мафкура остида шиддат билан ривожланиб, қисқа фурсатда АҚШдан кейинги энг қудратли давлатга айланган Хитой – бугун хоҳлаймизми-йўқми Вашингтоннинг ягона муносиб рақиби бўлиб турибди. Улкан ички бозор, миллиардлаб ишчи кучи, кенг географик майдон ва коммунизмнинг оғир бадаллари эвазига салмоқли иқтисодий ютуқларга эришиб келаётган Пекин баъзи жабҳаларда АҚШдан ўзиб ҳам кетаётган экан, Оқ уй маъмурияти бундан хавотирланиши, уни ўзига рақиб сифатида кўриши табиий.

Ва ниҳоят, узоқ кутилган икки гегемон давлат ўртасида учрашув бўлиб ўтади.  Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг маълумот беришича, жорий йилнинг 13-15 май кунлари АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитойга олий даражадаги ташрифни амалга оширади. Дунёнинг энг йирик икки иқтисодиётига эга бўлган ушбу давлатларнинг раҳбарлари ўртасидаги учрашув бутун дунё сиёсий доиралари томонидан катта қизиқиш билан кутилмоқда. Негаки, Яқин Шарқдаги можаролар гирдобида қолган Трампнинг ўз рақиби ҳузурига бундай “ночор” аҳволда келиши, тарози палласини Пекин томонга сезиларли даражада оғдириш имконини беради.

Икки рақобатчининг бу галги учрашуви дунё геосиёсати ва геоиқтисодиётига қандай таъсир қилади деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда. Хўш, бу сафарги саммитдан нималарни кутиш керак?

Кечиктирилган учрашув

Аслида, АҚШ ва Хитой раҳбарларининг сўнгги юзма-юз учрашуви 2025 йил 30-октябрь санасида Жанубий Кореянинг Бусан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида бўлиб ўтган эди. Бир соат-у қирқ дақиқа давом этган икки давлат раҳбари ўртасидаги суҳбат давомида томонлар тарифлар, критик минераллар ва логистика каби қатор масалалар юзасидан келишиб олганди.

2026 йилнинг бошида эса, Трамп ва Си Цзиньпин ўртасида навбатдаги юқори даражадаги учрашув режалаштирилганди. Дастлаб, сафар 31 мартдан 2 апрелгача бўлиб ўтиши белгиланган эди. Ўз навбатида ушбу ташриф АҚШ раҳбарининг қарийб 10 йилдан сўнг Пекинга қилган илк ташрифи бўлиши кутилаётган эди.

Мутахассисларнинг фикрича, учрашувнинг мақсади бир нечта стратегик йўналишларни қамраб олади. Энг аввало, ушбу мулоқот савдо можароларини юмшатишга йўналтирилиши кутилаётган эди. Хитойнинг арзон маҳсулотларидан ички бозорни ҳимоя қилишни кўзлаган Трамп 2018 йилда Хитойга нисбатан юқори бож тарифларини жорий қилди ва шундан бошлаб тарихга “Савдо уруши” номи билан кирган рақобат томонлар ўртасида совуқ муносабатларнинг шаклланишига олиб келган эди.

Яна бир стратегик мавзу – Тайвань бўлиши кутилган эди. Пекин АҚШдан оролга етказилувчи ҳарбий ёрдамни камайтиришни истайди, Вашингтон эса Тайванни Хитойнинг босимидан ҳимоя қилишни давом эттиряпти. Ушбу “чип ороли” устидан манфаатларни келишиб олиш ҳар икки давлат учун муҳим эди.

Аммо, Исроилнинг кутилмаган талаби ва керагидан ортиқ чўзилиб кетган Яқин Шарқдаги уруш барча режаларни юмшоқ қилиб айтганда “чиппакка чиқарди”. Тезкор операциялар ортидан ғалабага эришилиши керак бўлган ушбу низо бугунга қадар Оқ уйдагиларнинг асосий бошоғриғига айланиб қолди. Оқибатда, АҚШ раҳбари Хитой маъмуриятидан белгиланган учрашувни кечиктиришни сўради.
“Биз уни тахминан бир ойга кечиктиришни сўрадик”, дейди Трамп журналистларга.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левиттнинг сўзларига кўра, Трамп Эрондаги ҳарбий операцияни назорат қилиш зарурати туфайли учрашувни кўчиришни илтомос қилганди.

“Президент Хитойга ташрифни интизорлик билан кутмоқда. Саналар ўзгариши мумкин. Олий бош қўмондон сифатида ҳозирда унинг биринчи галдаги вазифаси – ушбу операциянинг кейинги муваффақиятини таъминлашдир”, дейди у.

Ҳормуздаги мураккаб вазият туфайли Трамп кўплаб давлатлардан бўғозни очишда ёрдам сўради. Шу жумладан Хитойни ҳам кемаларни бўғоздан хавфсиз ўтишига ёрдам беришга чақирганди. Аммо Пекин томони бу талабни жавобсиз қолдиргач, 15 март куни Трамп “Financial Times” газетасига берган интервьюсида Хитой Ҳормуз бўғозини очишга ёрдам бермаса, учрашувни кейинга қолдириши мумкинлигини айтди.

Шу йилнинг 16 март куни АҚШ Ғазначилик котиби Скотт Бессентнинг маълум қилишича, Трамп уруш ҳаракатларини мувофиқлаштириш зарурати туфайли сафарни кечиктирган ва буни Оқ уйнинг бўғозни назорат қилишда ёрдам бериши ҳақидаги сўрови ёки савдо келишмовчиликларига алоқаси йўқ.

“Президент уруш ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун Вашингтонда қолишни истайди. Бундай вақтда хорижга сафар қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаслиги мумкин”, деди Бессент.

Шу тариқа Эрондаги урушни назоратдан чиқариб юборган АҚШ ўз рақиби олдига “қўли боғлиқ” ҳолда боришни истамади. Натижада, учрашув номаълум муддатга қолдирилди. Трампнинг режаларида кейинги бир ой давомида бу уруш тугаши керак эди, аммо кўриб турганимиздек бундай бўлмади.

Аждаҳо ва бургут учрашуви

Яқинда эълон қилинган хабарларга кўра, ва ниҳоят кутилган саммитнинг саналари аниқ бўлди. Шу йилнинг 13-15 май кунлари АҚШ раҳбари Пекинга ташриф буюради. Узоқ чўзиб юборилган уруш Хитой томоннинг ҳам “сабр косасини тўлдирди” шекилли, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг ўзи Оқ уйга расмий таклиф билан чиққани маълум қилинди.

Бу маълумотни Трампнинг ўзи ҳам Truth Social ижтимой тармоғидаги саҳифасида тасдиқлаган.

“Тарихий ташриф учун барча тайёргарликлар ўз ниҳоясига етмоқда”, дейди Трамп.

Ташриф дастури музокаралар, тантанали зиёфат ва Осмон ибодатхонасига — қадимги императорлар ҳосилдорлик сўраб дуо қиладиган императорлик ибодатхоналари мажмуасига ташрифни ўз ичига олади.

Эътиборли жиҳати шундаки, келгусидаги ташриф расмиятчилик юзасидан уюштирилаётган навбатдаги тантанавор дипломатик учрашув эмас, балки бир вақтнинг ўзида учта йирик инқироз – АҚШ-Хитой савдо уруши, Эрон можароси ва глобал технологик рақобат – кесишган нуқтада амалга ошмоқда. Балки, айнан шу сабаб учун ҳам саммит 2026 йилнинг энг муҳим геосиёсий воқеаларидан бири сифатида қаралмоқда. Кун тартибида нефть бозори, сунъий интеллект, Тайвань хавфсизлиги ва жаҳон иқтисодиёти истиқболи каби қатор мавзулар турар экан, бу икки суперкуч марказининг қарорларини икки давлат ўртасидаги алоқа сифатида қабул қилиш камлик қилади.

Бир неча ой аввал Трамп Хитойга нисбатан юқори тарифлар ва иқтисодий босим орқали “тарози палласини ўз томонига оғдиришни” режалаштираётган эди. Аммо вазият ўзгарди. АҚШ суди унинг тариф сиёсатига чекловлар қўйди, Хитой эса иқтисодий қаршиликни кучайтирди. Аммо энг катта зарба Эрон билан боғлиқ уруш бўлиб қолмоқда. “Reuters” порталининг ёзишича, Яқин Шарқдаги можаро Трампнинг ички рейтингига жиддий таъсир қилган ва президент энди Пекиндан стратегик эмас, кўпроқ рамзий ва тезкор дипломатик ютуқлар кутмоқда.

Кўплаб мутахассисларнинг фикрига кўра, АҚШ раҳбари Пекин орқали Теҳронга таъсир ўтказишни мўлжаллаган. Хитой шубҳасиз Эроннинг энг катта ҳамкорларидан бири ва ўз навбатида сезиларли катта таъсирга ҳам эга. Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлимидан сўнг, қасос ўтида ёнаётган эронликларни музокара столига ўтказишда айнан Хитойнинг “парда ортидаги турткилари” муҳим роль ўйнагани айтилади. Бу гал ҳам Ҳормуз атрофидаги геосиёсий чигалликка “чирмашиб қолган” Трампнинг ягона умиди Си Цзиньпин ҳокимиятидан бўлиб турибди.

Бу ҳолатда парадоксал вазият юзага келмоқда. Бир томондан, АҚШ Хитойнинг асосий стратегик рақиби бўлса, иккинчи томондан, Эрон масаласида айнан Пекиннинг ёрдами керак. “BBC” журналининг ёзишича, Пекин бу вазиятдан дипломатик ричаг сифатида фойдаланишга уринмоқда. Яъни Хитой АҚШга ёрдам эвазига технологик чекловларни юмшатиш, Тайвань бўйича босимни камайтириш ёки тарифларни қисқартиришга ҳаракат қилиши мумкин.

Саммитнинг яна бир марказий мавзуси — иқтисодиёт. “AP news” маълумотларига кўра, Трамп администрацияси Хитой билан янги савдо келишувлари орқали ички иқтисодий босимни юмшатмоқчи. Айниқса қишлоқ хўжалиги, авиация ва энергетика соҳаларида битимлар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бундан ташқари, энергетика соҳаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, сўнгги йилларда савдо уруши сабаб Хитой АҚШдан LNG (суюлтирилган табиий газ) ва нефть импортини кескин камайтирганди. Таҳлилчиларнинг таҳмин қилишича, энди Трамп ва Си учрашуви бу оқимни қайта тиклаши мумкин. Бу АҚШ энергетика сектори учун муҳимдир, айниқса Эрон уруши сабаб глобал энергия бозори беқарор бўлиб турган бир пайтда.

Саммитдаги яна бир нозик масала бу – Тайвань. Трамп АҚШнинг Тайванга қурол сотиши мавзусини Си Сзинпин билан муҳокама қилиши кутилмоқда. Бу Пекин учун энг аҳамиятли мавзулардан бири. Чунки, Хитой Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва АҚШнинг ҳарбий ёрдамини “ички ишларига аралашув” деб кўради.

Бугунги геосиёсий вазиятдан шуни таҳмин қилиш мумкинки, Трамп баъзи масалалар жумладан, Тайвань борасида Пекинга ён бериши мумкин. Аммо шу билан бирга, ушбу “чип ороли” АҚШ учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Вашингтон 2025 йилнинг декабрида Тайвань билан 11 миллиард долларлик қурол савдоси бўйича келишув эълон қилгани ҳам шуни кўрсатадики, бу кичик оролчанинг аҳамияти Ғарб учун ҳам ниҳоятда катта.

Осиё Жамияти ташкилотининг (Asia Society) АҚШ-Хитой муносабатлари бўлимининг катта илмий ходими Жон Делурининг фикрича, АҚШ раҳбарининг бу галги Хитойга ташрифи Тайвань келажагига жиддий таъсир қилмайди, негаки Трампнинг баёнотлари доим ҳам ҳал қилувчи қарор эмас.

"Менимча, Президент Си Цзиньпиннинг бунга қўли бормайди. Ҳатто Трамп ўзининг эҳтиётсиз нутқи туфайли Тайвань масаласида кутилмаган (таслим бўлишга ўхшаш) бирор гап айтса ҳам, хитойликлар бунга катта ишонч билдирмаслик кераклигини яхши билишади. Чунки у бир ҳафтадан кейин Truth Social’даги пости орқали ўз сўзидан қайтиб олиши мумкин.", дейди у.

Шунга қарамай, бу учрашувнинг рамзий аҳамияти жуда катта. Чунки бугунги дунёда АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар глобал тизимнинг асосий ўқи ҳисобланади. Эрон уруши, Тайвань, сунъий интеллект, яримўтказгичлар, ноёб қазилма бойликлари ва энергетика – буларнинг барчаси охир-оқибат Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларга бориб тақалмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, бургут (АҚШ давлати маскоти) ва аждаҳо (Хитой маданий ва маънавий рамзи) ўртасида бўлиши кутилаётган ушбу учрашув жаҳон сиёсатининг кейинги тақдирига бевосита таъсир қилади. Кимнинг “қўли узун келади”, буни ҳали вақт кўрсатади.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Хитой рақобат Си Цзиньпин Оқ уй сунъий интеллект Ҳормуз Кечиктирилган учрашув “Савдо уруши” Осиё Жамияти ноёб қазилма бойликлар Жон Делури

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг