АҚШ 60 давлатга янги бож тарифларини эълон қилди

Олам

image

АҚШ мажбурий меҳнат билан боғлиқ хавотирлар сабаб 60 та савдо ҳамкорга нисбатан 10–12,5 фоизлик янги божхона тарифларини жорий этишини эълон қилди. Қарор АҚШ Савдо департаменти томонидан мамлакат импортининг деярли барчасини қамраб олувчи давлатларга нисбатан қабул қилинган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

АҚШ Савдо департаменти маълумотига кўра, янги тарифлар мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортини тўхтатиш ёки камайтириш учун етарли чоралар кўрилмагани сабаб жорий этилмоқда.

Янги тарифлар 60 та савдо ҳамкорини қамраб олади. Улар орасида Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Канада, Ҳиндистон, Япония, Хитой ва бошқа кўплаб давлатлар бор. АҚШ Савдо вакили Жамисон Грирнинг айтишича, бу ҳолат америкалик ишчилар учун глобал бозорда тенг бўлмаган рақобат муҳитини яратади.

Расмий маълумотларга кўра, 10 фоизлик тарифлар Канада, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Индонезия, Мексика, Покистон, Аргентина, Бангладеш, Камбоджа, Салвадор, Гватемала, Малайзия ва Тайвань каби давлатларга нисбатан қўлланади. Қолган 45 давлат, жумладан Хитой ва Ҳиндистон эса 12,5 фоизлик божлар билан юзлашади.

Буюк Британия ҳукумати мамлакат мажбурий меҳнатга қарши курашаётганини ва глобал таъминот занжирларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўраётганини билдирган. Хитой эса мажбурий меҳнат ҳақидаги айбловларни рад этиб, бундай даъволар сиёсий мақсадларда ишлатилаётганини айтган. Европа Комиссияси эса АҚШ қарорини асоссиз деб баҳолаган.

Ҳиндистонлик таҳлилчилар бу қарорни АҚШнинг кенгроқ босим сиёсати қисми сифатида кўриш мумкинлигини таъкидлаб, уни икки томонлама савдо музокараларига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтган.

Мазкур тарифлар март ойида АҚШ томонидан бошланган кенг қамровли текширув натижасида илгари сурилган. Текширув натижасида 60 та давлатнинг аксарияти мажбурий меҳнатга оид маҳсулотлар импортини тақиқлаш ва уни самарали ижро этишда етарли чоралар кўрмагани аниқланган.

Ҳозирча эълон қилинган янги божлар кучга кирмаган. Уларни жорий этиш учун АҚШ маъмурияти тегишли ҳуқуқий жараёнларни якунлаши керак бўлади. Агар Конгресс бу чорани давом эттиришга рухсат бермаса, амалдаги вақтинчалик тарифлар июль ойида бекор бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ бож савдо ҳамкорлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг