Шифокорлар Саакашвилини қамоқхонага ўтказишга рухсат бермади
Олам
−
26 Декабрь 2023
46422022 йил май ойидан бери Тбилисидаги “Вивамед” хусусий клиникасида ётган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг умумий аҳволи яхшиланган, аммо у ҳали ҳам стационар муассасада даволанишини давом эттириши керак. Бу ҳақда клиниканинг директори Зураб Чхаидзе “Имеди” телеканали эфирида маълум қилди.
“Беморнинг умумий аҳволи қониқарли. Унинг ҳаётий кўрсаткичлари яхшиланди, аммо лаборатория текширувлари натижалари ҳали ҳам эътибор талаб қилади. Унинг қон босими вақти-вақти билан ўзгариб туради, бу кўпинча ташриф буюрувчилар билан боғлиқ. Ушбу босқичда бемор шифохонада даволанишни давом эттириш учун зарур бўлган барча мезонларга жавоб беришига ишонамиз”, дейди Чхаидзе.
Грузиянинг мухолифатдаги “Грузия учун” партияси аввалроқ Адлия вазирлигидан Саакашвилини қамоқхона камерасига қайтаришга чақирган эди.
Уларнинг фикрича, собиқ президент яхши аҳволда, суд жараёнларига интернет орқали боғланади ва сиёсий кампания билан шуғулланади, бу эса уни бошқа маҳбусларга нисбатан имтиёзли мавқега қўяди.
Саакашвили 2013 йилда Грузияни тарк этган, шундан сўнг мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилган, шундан иккитасида сиёсатчи сиртдан уч ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2021 йил октябрь ойида Саакашвили Грузияга яширинча келган, бироқ ҳибсга олинган, шундан сўнг у чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланган.
2022 йил май ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у Тбилисидаги “Вивамед” хусусий клиникасига олиб кетилган ва ҳозир ҳам шу ерда қолмоқда.
LiveБарчаси