Ўзи ҳам ўрмон ёнғинларини жиловлай олмаётган Путин Эрдўғанга ёрдам ваъда қилди
Олам
−
31 Июль 2021
5937Бугун, 31 июль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Россия Президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Туркиядаги ёнғинлар ва икки томонлама алоқаларни муҳокама қилган. Президент Путин Россия ёнғинларни ўчиришда Туркияга ёрдам беришни давом эттиришга тайёр эканини маълум қилган. Бунга жавобан Туркия раҳбари самимий миннатдорлик билдирган.
Хабарга кўра, томонлар ушбу табиий офатга қарши курашда икки мамлакатнинг ўзаро таъсири муҳимлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, улар “Россия-Туркия кўп қиррали ҳамкорлигининг долзарб масалалари”ни муҳокама қилган. Хусусан, Президентлар бир кун олдин бўлиб ўтган икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ижобий баҳолаган.
“Савдо-иқтисодий, энергетика ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги биргаликдаги ишларга ўзаро муносабат билдирилди”, дейилади Кремль баёнотида. Бироқ, хабарда суҳбат кимнинг ташаббуси билан бўлиб ўтганига аниқлик киритилмаган.
Қайд этиш керакки, давлат раҳбарларининг суҳбатидан сўнг, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўрмон ёнғинлари туфайли Туркияга 11 та авиатранспорт юборишини маълум қилди. Бунгача Россия Туркиядаги ёнғинларга қарши курашга 3 та самолёт юборганди. Глобал ҳаво исишидан Россиянинг ўзи ҳам азият чекмоқда. Айни дамда Федерациянинг Ёқутистон қисмида ўрмон ёнғинлари авжига чиққан. Умумий ҳисобда 730 минг гектар майдон ўт ичида қолган.
Туркия олов ичида
Жорий йилнинг 28 июлида Туркияда ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин мамлакатнинг бир қанча вилоятларига тарқалган. Уларнинг ичида энг азият чеккани сайёҳлик вилояти — Анталия бўлиб турибди. Тўрт кундан бери давом этаётган ёнғинлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлган ва 180 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти зарар кўрган ҳудудларни фалокат ҳудуди, деб эълон қилган.
Қайд этиш керакки, кеча, 30 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркиядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш ва уларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида мамлакатга ёрдам гуруҳлари юборилишини маълум қилди.
LiveБарчаси