Ўзбекистоннинг яна иккита анъанаси UNESCO рўйхатига киритилди

Жамият

image

Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган UNESCO Ҳукуматлараро қўмитасининг 17-сессиясида Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига Ўзбекистон ипакчилиги ва Хўжа Насриддин латифалари киритилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон томонидан Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Туркия билан биргаликда “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” номли биринчи файл тақдим этилди. Иккинчи номинация “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” деб номланган бўлиб, Ўзбекистон томони Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрланган.

Қўмитанинг баҳолаш комиссияси номзодлик ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этаётган давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини юқори баҳолаган ва уларнинг Вакиллик рўйхатига киритиш учун барча мезонларга мувофиқлигини қайд этган.

Тадбир иштирокчилари ипак етиштиришнинг анъанавий технологиялари, кейинги йилларда Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли ишларга алоҳида эътибор қаратган. Аҳоли орасида машҳур Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳрида қад ростлаган ҳайкали ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотган.

“Энди янги элементлар халқаро миқёсда бутун инсоният меросининг ажралмас қисми сифатида тавсифланади ва бу номоддий маданий мероснинг ушбу турларини эътироф этиш ва кенг тарғиб қилишни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Ўз навбатида, UNESCO ушбу элементларни турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали тарғиб қилади”, дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот ўрнида, Репрезентатив рўйхатга киритилган Ўзбекистон элементларининг умумий сони 11 тага етди. Илгари бу рўйхатга “Бахши”, “Лазги”, “Палов”, “Аския”, “Миниатюра”, “Наврўз”, “Шошмақом” ва бошқалар киритилган эди. Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реэстридан жой олган.

Соҳиба Комиловна


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made