Fitch халқаро рейтинги Ўзбекистоннинг суверен кредитини барқарор дея баҳолади
Жамият
−
05 Март 2023
4693Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги баҳосини BB (барқарор кутилма) даражада тасдиқлади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, республиканинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва BB рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи шоклар таъсирига қарши чидамлилик намойиш эта олди, шу билан бирга ташқи шоклар билан боғлиқ ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, Жаҳон банкининг сўнгги эълон қилинган бошқарув сифати кўрсаткичларида Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли яхшиланиб тўққиз поғонага кўтарилган. Бунда мазкур ўзгариш тартибга солиш сифати ва ҳукумат самарадорлиги, аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик ҳамда коррупцияни тийиб туриш кўрсаткичларида акс этган.
2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг 5,7 фоизга ўсишига асосий омиллар сифатида юқори экспорт ҳажмлари, фискал рағбатлантириш ҳамда аҳоли истеъмолининг ўсишига сабаб бўлган пул ўтказмалари кўрсатиб ўтилган.
Агентлик глобал иқтисодиётининг секинлашуви ортидан 2023-2024 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ўртача 5,4 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.
Fitch прогнозига кўра, фискал консолидация кутилганидан кўра тезроқ амалга ошиб, консолидациялашган бюджет дефицитининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2023 йилда агентлик томонидан кутилган 3,9 фоиз ўрнига 3,5 фоизни, 2024 йилда эса 2,3 фоизни ташкил этади. (BB рейтингига эга мамлакатлар учун ўртача – 3,3 фоиз)
Шунингдек, агентлик имтиёзли шартларда жалб қилинган узоқ муддатли кредитлар сабабли давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни паст даражада баҳолаган.
Ҳисоботда келтирилишича, пул ўтказмалари ўсишининг барқарорлашуви ва импорт ҳажмининг ортиши натижасида 2023-2024 йилларда жорий операциялар ҳисоби дефицити ЯИМга нисбатан ўртача 4,4 фоизни ташкил қилади.
Агентлик 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 11,3 фоизни ташкил этиши, 2024 йилга келиб мазкур кўрсаткич 9,0 фоизгача пасайишини прогноз қилмоқда.