Ўзбекистоннинг Россиядан олган қарзи кўпайди
Жамият
−
14:57
68852023 йилда Ўзбекистоннинг Россиядан қарзи ошиб, 41,3 миллион долларга етди. Бу ҳақда бугун, 11 декабрь куни Жаҳон банки таҳлилларига таяниб, РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, расмий Москва ўтган йилда бошқа мамлакатларга кредит беришни 30 миллиард доллардан кўпроққа оширди, бу 1999 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Миср, Бангладеш ва Ҳиндистон энг кўп янги кредит олган. Бошқа давлатларнинг Россиядан олган қарз ҳажми ўтган йили 1,3 миллиард долларга ошиб, 30,1 миллиардни ташкил этган. Бу кўрсаткич охирги марта 1999 йилда (32,8 миллиард доллар) юқори бўлган эди.
Беларусь энг катта қарздор бўлиб қолмоқда – унинг қарзи 7,75 миллиард долларни ёки Россия томонидан берилган барча кредитларнинг чорак қисмини ташкил қилади. Бангладеш 6,6 миллиард доллар (22 фоиз) билан иккинчи ўринда, Ҳиндистон эса 4,1 миллиард доллар (14 фоиз) билан кучли учликни якунлади. Биринчи бешликка Миср (3,3 миллиард доллар, 11 фоиз) ва Вьетнам (1,4 миллиард доллар, 5 фоиз) ҳам киради.
Шу билан бирга, ўтган йили Миср энг катта улушни эгаллади – унинг мажбуриятлари 1,45 миллиард долларга кўтарилди. Бангладешнинг қарзи 745 миллион долларга, Ҳиндистонники эса 363 миллион долларга ошди. Ўзбекистоннинг қарзи 41,3 миллион долларга, Афғонистоннинг қарзи 19,9 миллион долларга ошган. Замбия, Яман, Шри-Ланка, Эквадор, Судан ва Молдовадан олинган мажбуриятлар ҳам жами 26,54 миллион долларга кўтарилган.
2023 йилда янги қарздор пайдо бўлди – Никарагуа 2003 йилдан бери биринчи марта Россиядан 16,9 миллион доллар миқдорида кредит олди.
Шу билан бирга, бир қатор давлатларнинг Россия олдидаги мажбуриятлари камайди. Бу ерда етакчи Сомали бўлиб, Россия деярли бутун қарзини ўчириб ташлади: агар 2022 йил охирида мамлакат Москвадан 703 миллион доллар қарз бўлган бўлса, ўтган йил охирида у бор-йўғи 49 миллион доллар қарз эди. Бундан ташқари, Беларусь қарзи 487 миллионга, Сербияники 117 миллионга, Арманистонники 40 миллионга, Озарбайжонники 22 миллионга камайди. Яна 10 та давлат Россия олдидаги 82 миллион долларлик мажбуриятларини тўлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2025 йил якунида 45,1 миллиард долларга етиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. 2024 йил якунида давлат ташқи қарзини жалб қилиш бўйича янгидан имзоланадиган шартномалар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этади. Шундан 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларига, 2,5 миллиард доллари бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
2025 йилда эса қарийб 5,5 миллиард долларлик давлат ташқи қарзини жалб қилиш режалаштирилган. Мазкур кредит маблағларининг 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларига, 3 миллиард доллари эса бюджетни қўллаб-қувватлаш учун сарфланиши кутилмоқда.
LiveБарчаси