Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларидаги медаллари 17 тага етди

Спорт

image

Бугун, 24 сентябрь куни Япониянинг Айти–Нагоя шаҳарларида ўтаётган Осиё ўйинларининг 5-куни доирасидаги баҳслар давом этмоқда. Куннинг дастлабки қисмида Ўзбекистон делегацияси академик эшкак эшиш, каноэ ва байдаркада эшкак эшиш баҳсларида 7 та медални қўлга киритди.

Дастлаб эркаклар ўртасидаги M1x яккалик дастурида стартга чиққан Шаҳбоз Холмурзаев маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медални қўлга киритди.

Шундан сўнг эркаклар ўртасидаги M2x жуфтлик дастурида иштирок этган Меҳрож Маматқулов ва Павел Сорин 6:10.49 натижа билан иккинчи ўринни эгаллаб, яна бир кумуш медални делегация ҳисобига ёздирди.

M2- дастурининг финалида эса Максим Голубев ва Алишер Турдиев 6:32.34 натижа билан учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалга сазовор бўлди.

Анна Аксенова, Мария Сергеева, Райҳона Сатторова ва Айдана Сметуллаевадан иборат экипаж W4- дастурининг финалида иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Айти–Нагоя Осиё ўйинларидаги иккинчи олтин медалини қўлга киритди. Каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасидаги 200 метр масофага кечган яккалик баҳсларида иштирок этган Шоҳсанам Шерзодова барча рақибларидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасидаги 500 метр масофага кечган баҳсларда Арина Танатмишева ва Екатерина Шубина жуфтлиги маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медални қўлга киритди.

Каноэчилар Артур Гулиев ва Владлен Денисов ҳам совриндорлар қаторидан жой олди. Улар 500 метр масофага кечган баҳсда маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, Ўзбекистон делегациясига навбатдаги кумуш медални тақдим қилди.

Шу тариқа, куннинг дастлабки қисмида академик эшкак эшиш, каноэ ва байдаркада эшкак эшиш баҳсларида Ўзбекистон делегацияси 7 та медаль – 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Ҳозирга келиб Ўзбекистон делегациясининг Осиё ўйинларидаги жами медаллар сони 17 тага ( 2 та олтин, 8 та кумуш ва 7 та бронза) етди. Айни дамда Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 9-ўринда бормоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг