Ўзбекистон Осиё кубогида Шимолий Корея билан ўйнайди
Спорт
−
09:30 2689 1 дақиқа
Кеча, 9 май куни 2027 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги мусобақасига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси “B” гуруҳидан жой олди.
Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Баҳрайн, Шимолий Корея ва Иордания терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин эгаллади.

Маълумот учун, аввалги йилларда ОФК жамоаларни саватчаларга ажратишда гибрид усулдан фойдаланиб келган. Унда FIFA рейтинги ва саралаш босқичи натижалари бирлаштирилиб, Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи босқичида иштирок этган жамоаларга устунлик берилган.
Айнан шу тизим туфайли 2019 йилги Осиё кубоги қуръасида Ўзбекистон терма жамоаси учинчи саватчадан иккинчи саватчага кўтарилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2027 йилги Осиё кубоги гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими хавфсизлик нуқтаи назаридан номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 24 та жамоа иштирок этадиган мусобақа 2027 йил 7 январдан 5 февралгача Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Қуръа ташлаш маросими эса дастлаб жорий йилнинг 11 апрель куни Ар-Риёд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди.