Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси ўз миссиясини якунлади
Жамият
−
19 Ноябрь 2023
5246Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Жаҳонгир Ғаниев ушбу мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Жаҳонгир Ғаниев бугун, 19 ноябрь куни Испания Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи ва глобал ишлар бўйича давлат котиби Анхелес Морена Бау билан учрашган.
Унда Испания ТИВ вакили ўзбекистонлик дипломатга икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва уларга барқарор ўсувчанлик бағишлагани учун миннатдорлик билдирган.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Испания муносабатларнинг янада муваффақиятли ривожланиши ва илгари эришилган келишувларнинг амалга оширилишига ишонч билдирган.
Маълумот учун, Жаҳонгир Ғаниев 2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасида фаолият кўрсатиб келаётган эди. У дастлаб Муваққат ишлар вакили, 2018 йилда фавқулодда ва мухтор элчи, Жаҳон сайёҳлик ташкилотидаги (UNWTO) доимий вакил бўлиб ишлаган.
Шунингдек, у 2020 йили ўриндошлик асосида Ватикандаги элчи этиб тайинланган, бундан ташқари, Халқаро зайтун кенгашидаги вакил этиб тасдиқланган. 2007-2012 йилларда Италиядаги элчи ва бир вақтнинг ўзида Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ҳузурида доимий вакил бўлган.