Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили тайинланди

Жамият

image

Элчи Нодиржон Турғунов Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳага ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

ИҲТ бош котиби доимий вакилнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, уни ушбу лавозимга киришиши билан табриклади ва масъулиятли миссиясини амалга оширишда муваффақият тилади.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, таълим, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва инновациялар каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштиришда ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Нашрга кўра, Бош котиб Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси, илм-фани ва маданияти ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини таъкидлаб, мамлакатимиз тарихан ислом оламининг илмий кашфиётлар, фалсафий тафаккур ва маънавий мерос маркази бўлганини алоҳида таъкидлаган.

Маълумот учун, Нодиржон Турғунов 2024-йил март ойида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси сифатида Ар-Риёз шаҳрига ташриф буюрганди.

Дипломат 2016 йилдан бери ТИВ тизимида. Ўтган йиллар давомида Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментида турли лавозимларда фаолият олиб борди. Хусусан, 2019-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳрида (Қозоғистон), 2021-2024 йилларда эса Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) бош консул бўлиб ишлаган.

Нодиржон Турғунов 2018-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси ва бош қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили лавозимларида ишлаган Улуғбек Мақсудов ўрнига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган) Ғайрат Фозилов ушбу давлат Ташқи ишлар вазирлигининг Протокол ва қабул қилувчи мамлакат билан алоқалар департаменти директори Хансу Акербумга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нодиржон Турғунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг