Ўзбекистоннинг энг кучли боксчилари аниқланди 

Sport

−

image

Кеча, 28 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Универсал” спорт мажмуасида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг финал жанглари ўтказилиб, барча вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар маълум бўлди.

-48 кг вазн тоифасида Шодиёржон Мелиқўзиев финалда Авазжон Йўлдошевдан устун келди. -51 кг вазнда Асилбек Жалилов Муҳаммадқодир Мамиржоновни мағлуб этган бўлса, -54 кг да Шахзод Музафаров Фозилжон Абдумуродовни доғда қолдирди. 

-57 кг вазнда Миразизбек Мирзаҳалилов ва Худойназар Файзовнинг жанги шиддатли руҳда кечди. Файзовнинг муносиб қаршилигига қарамай, якунда тажриба ўз сўзини айтди ва Мирзаҳалилов Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлди. -63,5 кг да Руслан Абдуллаев ва Мужбилло Турсунов ўртасидаги тўқнашув ҳам барчанинг диққат марказида бўлди. Якунда эса Абдуллаевнинг қўли баланд келди.

-67 кг да Камронбек Турғунбоев, -71 кг вазнда эса Ҳавасбек Асадуллаев  мусобақа чемпиони бўлди, уларнинг рақиби жароҳати сабаб рингга чиқмади. 

-60 кг да Дилшод Абдумуродов, -75 кг да Аълохон Абдуллаев, -80 кг да Тўрабек Хабибуллаев, -92 кг да Лазизбек Муллажонов ва +92 кг вазн тоифасида Жаҳонгир Зокиров Ўзбекистон чемпиони бўлди.

-86 кг да Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалоловнинг укаси Самандар Жалолов финалда тажрибали Шоҳжаҳон Абдуллаев билан тўқнаш келди. 2-раундга келиб Абдуллаев томони жангни давом эттиришни истамади ва 19 ёшли Самандар Жалолов олтин медални қўлга киритди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends