Ўзбекистоннинг давлат қарзи 37 млрд долларга етди – Жамшид Қўчқоров
Жамият
−
06 Сентябрь
83792024 йилнинг I ярмида Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 37 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Кеча, 5 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида вазир томонидан мамлакатнинг қарзлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Қўчқоровга кўра, жорий йилнинг дастлабки ярмида давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 33,2 фоизини ташкил қилган.
“Ҳисобот даврида давлат қарзининг қолдиғи қарийб 37 миллиард доллар бўлиб, шундан давлат ташқи қарзи 30,9 миллиард доллар, ички қарзи 6,1 миллиард долларга етди”, дейди вазир.
Жамшид Қўчқоровнинг Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботига таяниб айтишича, ҳозирда Ўзбекистоннинг давлат қарзи мўтадил даражада. Жорий йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон номидан давлат кафолати остида жами 2,8 миллиард долларлик ташқи қарз шартномалари имзоланган. Шунингдек, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, 2024 йилда сўндириладиган халқаро облигацияларни қайта молиялаштириш мақсадида жаҳон молия бозорларига 1,5 миллиард доллар миқдоридаги суверен халқаро облигациялар чиқарилган.
Маълумот учун, мамлакат давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2024 йилда 37 фоиз, 2025 йилда 37,4 фоиз, 2026 йилда 37,9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 100 миллиард доллардан, 2025 йилда 125 миллиард доллардан, 2026 йилда 140 миллиард доллардан ортиши тахмин қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2024 йил 1 январь ҳолатига 34,9 млрд АҚШ долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,4 фоизни ташкил этганди. Ўшанда давлат ташқи қарзи – 29,6 млрд АҚШ доллари, давлат ички қарзи – 5,3 млрд АҚШ доллар эди.
LiveБарчаси