Ўзбекистоннинг Чехия ва Словениядаги элчилари ишонч ёрлиқларини топширди
Олам
−
15 Декабрь
1363Жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Ахатов Чехия Президенти Пётр Павелга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Суҳбат чоғида Пётр Павел Ўзбекистонни Чехиянинг халқаро ҳамжамиятдаги муҳим ҳамкорларидан бири сифатида эътироф этган. Чехия раҳбари расмий Праганинг Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга бўлган қизиқиши юқори эканига урғу берган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Словениядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Шахавдинов Словения Президенти Наташа Пирц-Мусарга ишонч ёрлиқларини топширди.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар Дилшод Ахатов Ўзбекистоннинг Швейцария ва Чехиядаги ўриндошлик асосида элчиси ҳам ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Швейцарияда ҳам мамлакатнинг расмий вакили ҳисобланади. Ахатов 2010-2013 йилларда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси, шунингдек, Швейцария, Чехия, Швеция ва Испанияда ўриндошлик асосида элчиси, кейинчалик Ташқи ишлар вазири ўринбосари, 2020-2023 йилларда эса Ўзбекистоннинг Ҳиндистон, Бангладеш ва Непалдаги элчиси бўлиб фаолият юритган. 2023 йил 27 сентябрда эса мамлакатнинг Германиядаги элчиси этиб тайинланганди.
46 ёшли дипломат Ойбек Шахавдинов эса Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат юридик университети (магистратура), Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг таржимонлар тайёрлаш курсини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бошлаган, сўнгра ТИВнинг Европа давлатлари билан ҳамкорлик бошқармасида референтликдан бошқарма бошлиғи сингари дипломатик хизматнинг барча босқичларини босиб ўтган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган. Шахавдинов Ўзбекистоннинг Венгриядаги (қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган) биринчи, шунингдек, ўриндошлик асосида Хорватия, Черногория ва Словениядаги элчиси ҳисобланади.
LiveБарчаси