Ўзбекистоннинг “аср лойиҳаси” қурилишида россияликлар ҳам қатнашади
Олам
−
17 Февраль 2022
13721Трансафғон темир йўлини қуришда “Ўзбекистон темир йўллари”дан ташқари Россия темир йўллари ҳам иштирок этиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Покистон Ислом Республикаси Тижорат вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммад Солиҳ Фаруқий бошчилигидаги делегация билан учрашувда айтиб ўтилган.
Учрашувда Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида (15-16 июль 2021 йилда) имзоланган Транзит ва савдо тўғрисидаги битим шартларини амалда жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилган.
Бунда “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинган. Таъкидланишича, Тошкент эса аллақачон Афғонистон ҳукумати билан темир йўл лойиҳаси бўйича келишиб олган.
Темир йўл Европа Иттифоқини, Россияни Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан боғлайди. Лойиҳа қиймати эса тахминан 5 миллиард долларни ташкил этади.
Вазирлик хабарига кўра, трансафғон темир йўли қурилишида “Ўзбекистон темир йўллари”дан ташқари Россия темир йўллари ҳам иштирок этишни режалаштирган. Россия темир йўллари, шунингдек, "Росжелдорпроект" ва Иқтисодиёт ва транспортни ривожлантириш институти ҳисоб-китобларда, картографик материалларда ёрдам беради, ҳар бир йўналишнинг афзалликлари ва камчиликларини ўрганади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукумати трансафғон темир йўлининг йўналишини тасдиқлаганди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон айнан Афғонистон орқали темир йўл қуриб, денгизга чиқишни режа қилган. Бу учун бир неча йирик лойиҳалар ҳам тайёрланган. 2021 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли йирик халқаро анжуман айнан ушбу лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида Ўзбекистонни денгизга олиб чиқиши мумкин бўлган “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишини юқори баҳолаб, уни “аср лойиҳаси”, деб атаган эди. Ушбу темир йўл линияси айнан Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиздан бошланади.
LiveБарчаси