“Толибон” Ўзбекистон учун муҳим темир йўлнинг йўналишини тасдиқлади
Олам
−
24 Январь 2022
14167Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукумати трансафғон темир йўлининг йўналишини тасдиқлади. Бу ҳақда ҳукуматнинг расмий вакили Инамулла Самангоний маълум қилди.
Ҳукумат қарорига кўра, трансафғон темир йўлининг Мозори Шарифдан кейинги қисми Бағлон ва Бомиён орқали ўтади.
“Ислом Амирлиги Вазирлар Маҳкамасининг темир йўл лойиҳасининг йўналишини аниқлаш бўйича қарори: Мозори Шариф-Бағлон-Бомиён йўналиши Ўзбекистондан Афғонистон орқали Покистонга олиб бориладиган темир йўл лойиҳаси учун тасдиқланди”, деган Самангоний.
Бундан олдин Ўзбекистон шу йил баҳорида Кобулдан Пешоварга темир йўл қурилишини бошлашни режалаштираётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон томони унга хизмат кўрсатувчи афғон кадрларини тайёрлайди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон айнан Афғонистон орқали темир йўл қуриб, денгизга чиқишни режа қилган. Бу учун бир неча йирик лойиҳалар ҳам тайёрланган. 2021 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли йирик халқаро анжуман айнан ушбу лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида Ўзбекистонни денгизга олиб чиқиши мумкин бўлган “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишини юқори баҳолаб, уни “аср лойиҳаси”, деб атаган эди. Ушбу темир йўл линияси айнан Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиздан бошланади.
LiveБарчаси