Ўзбекистонликларнинг Қозоғистонда ҳалок бўлгани юзасидан Миграция агентлиги муносабат билдирди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги металл йиғиш шохобчасидаги портлаш оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Миграция агентлиги муносабат билдирди.

“2025 йил, 11 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси, Олмаота вилояти, Или тумани, Байсерке қишлоғида жойлашган LGN Metal корхонасида юз берган портлаш оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлгани юзасидан чуқур қайғу билан маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Илий тумани полицияси томонидан инсон ўлимига олиб келган меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Миграция агентлиги томонидан марҳумларнинг жасадларини ватанга қайтариш учун зарур расмийлаштириш ишлари ташкил этилган.

Марҳумларнинг яқинларига зарур амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий Миграция агентликлари масъул ходимлари бириктирилган. Қозоғистон томони билан тергов жараёнида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Миграция агентлиги марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Қайд этиш жоиз, расмий талқинга кўра, металл қабул қилиш жараёнида номаълум буюм портлаб кетган. Ташкилот эгасининг айтишича, металл орасида мина бўлган бўлиши мумкин. “Nur.kz” нашрининг ёзишича, воқеа жойида криминалистлар ва Мудофаа вазирлиги вакиллари ишламоқда. Ҳудудга ҳеч ким киритилмаяпти. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган. Улар ишчилар экани ва барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Татаристоннинг Заинск туманида юз берган аянчли автоҳалокат оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги ҳам ушбу маълумотларни тасдиқлаб, жасадларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқа ўрнатилганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон Олмаота

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг