Ўзбекистонликларга сохта ҳужжатлар билан Россия фуқаролигини олишга ёрдам берганлар қўлга олинди
Олам
−
28 Сентябрь
5226Москвада Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига сохта ҳужжатлар асосида Россия фуқаролигини олишга ёрдам берган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, гумонланувчилар 2023 йилда давлат органлари фаолиятини тушунадиган ва Россия Федерацияси фуқаролигини бериш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар билан алоқаларга эга бўлиб, кўплаб жиноятлар содир этиш ва шахсий бойлик орттириш мақсадида жиноий гуруҳ тузган.
“Ҳамкорлар” Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари орасидан Россия фуқаролигини қонуний асослар бўлмасдан олишни истаган шахсларни топган. Кейин, улар 150-350 минг рубль эвазига Украина фуқаролигини тасдиқловчи сохта пластик паспортлар ва Донецк ҳудудида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги сохта маълумотномаларни тайёрлаб берган. Бу хорижий фуқароларга соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиш имконини берган.
Қайд этилишича, жиноят иши доирасида Москва, Донецк, Ростов-Дон ва Тулада 30 та тинтув ўтказилиб, давлат органлари ва муассасаларига тегишли бўлган кўплаб штамплар, муҳрлар ва бланкалар, шу жумладан, чет давлатининг бланкалари мусодара қилинган.
“Жиноий гуруҳнинг 9 нафар ташкилотчиси қўлга олинган. Улар билан зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, уларга айблов эълон қилинган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ноқонуний равишда Россия фуқаролигини олган шахслар тергов ҳаракатларини ўтказиш учун етказилган. Тергов фуқароликдан маҳрум қилиш ва уларни депортация қилиш масаласини кўриб чиқади.
Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодекси 322.1-моддаси 2-қисми “а” ва “в” бандларига мувофиқ (қонунга хилоф миграцияни ташкил қилиш) жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати Давлат Думасига миграция соҳасида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганлик, шу жумладан миграция органларида сохта рўйхатга олиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси