Ўзбекистонликлар ЖЧ олдидан букмекерлик хизматлари бўйича огоҳлантирилди

Sport

image

2026 йил футбол бўйича Жаҳон чемпионати олдидан интернет ва ижтимоий тармоқларда букмекерлик хизматлари ҳамда қимор ўйинларини тарғиб қилувчи реклама материаллари тарқатган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Мутахассислар қайд этишича, йирик спорт мусобақаларига қизиқишнинг ортиши баъзи шахслар томонидан фуқароларни турли букмекерлик платформаларига жалб қилиш воситаси сифатида ишлатилмоқда. Уларда спорт натижаларига пул тикиш, қисқа муддатда даромад олиш ёки йирик ютуқлар ваъдаси орқали аҳолини таваккалчилик ўйинларига жалб этиш ҳолатлари учрамоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 46-моддасига кўра, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни, жумладан, интернет орқали ташкил этиладиган бундай хизматларни реклама қилиш тақиқланган. Шунингдек, ушбу турдаги реклама материалларини тайёрлаш, жойлаштириш ёки тарқатиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, айрим шахслар аноним аккаунтлар ва сохта профиллар орқали, шунингдек хорижий платформалардан фойдаланган ҳолда ушбу турдаги рекламаларни тарқатишга уринмоқда. Бироқ бундай ҳаракатлар ваколатли органлар томонидан назоратга олинган.

Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича маълумотлар тегишли давлат органларига, жумладан, Ички ишлар вазирлигининг киберхавфсизлик бўлинмаларига тақдим этилади.

Огоҳлантириш сифатида таъкидланадики, фуқаролар букмекерлик ва қимор ўйинларини тарғиб қилувчи шубҳали реклама материалларига ишонмасликка, уларни тарқатмасликка ҳамда бундай ҳолатлар ҳақида ваколатли органларга хабар беришга чақирилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends