Президент байрамона дам олиш кунлари бўйича янги фармон имзолади
Жамият
−
24 Декабрь 9410 2 дақиқа
Ўзбекистонликлар Янги йил байрами муносабати билан 5 кун дам олади. Бу ҳақда Президентнинг бугун, 24 декабрь куни қабул қилинган “2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, иш ҳафтасининг туридан қатъи назар 31 декабрь, 2 ва 3 январь қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, 2026 йилда:
- барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 2 январь, 28 май, 29 май, 31 август;
- олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январь, 30 май, 31 декабрь қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланган.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланувчи 8 март – Хотин-қизлар куни байрами 2026 йилда якшанба – дам олиш кунига ва 21 март – Наврўз байрами ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамлари беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун шанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш кунлари мос равишда 2026 йил 9 март, 23 март ва 11 май – душанба кунларига кўчирилади.
Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш куни 2026 йилда 12 декабрь – шанба кунидан 31 декабрь – пайшанба кунига кўчирилади.
Бундан ташқари, байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун:
- Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этади;
- Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилади;
- “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига:
- меҳнат жамоалари ўртасида ушбу фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;
- узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини таъминланади.
Live
Барчаси