Ўзбекистонликлар учун Саудияга электрон виза олиш имкони пайдо бўлди
Жамият
−
07 Август 2023
5479Саудия Арабистони Туризм вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатга кириш визаларини электрон шаклда бериш бўйича янги ташаббусни эълон қилди. Бу ҳақда “Saudi Gazette” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, эндиликда ўзбекистонликлар қиролликка сайёҳлик визасини олиш учун электрон шаклда ёки KSA халқаро портларига кирибмурожаат қилишлари мумкин.
Сайёҳлик визаси фуқароларга қиролликнинг турли минтақаларига ташриф буюриш ва Умра зиёратини амалга ошириш имконини беради. Аммо ушбу виза Ҳаж зиёратини бажариш ҳамда қиролликда ишлаш, яшаш ҳуқуқини бермайди.
Виза қоидаларига кўра, сайёҳлар Саудияда бўлганида барча амалдаги қоидалар ва кўрсатмаларга амал қилиши, шу жумладан, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини ўзи билан олиб юришлари шарт.
Онлайн тарзда виза олиш нархи 146 долларни ташкил қилади. Саудия Арабистони eVisa'си бир йиллик ва кўп марталик кириш визаси ҳисобланиб, сайёҳларга бу ерда 90 кунгача қолиш имконини беради. Электрон виза муддати тугагач, уни янги муддатга расмийлаштириш керак бўлади.
Қўшимча қилинишича, бундай ташаббус Озарбайжон, Албания, Жанубий Африка, Грузия, Тожикистон, Қирғизистон ва Малдив ороллари фуқаролари учун ҳам амал қилади.
Маълумот учун, шу пайтгача бундай имконият МДҲ давлатларидан Россия, Украина ва Қозоғистон фуқароларида бор эди.