Ўзбекистонликлар Санкт-Петербургда ЙПХ ходимини дўппослади
Жамият
−
18 Сентябрь 2019
4229Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Санкт-Петербургда ўзбекистонликлар йўл паруль хизмати ходимини дўппослади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Санкт-Петербург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари берган хабарга кўра, полиция томонидан тўхтатилган автомобиль ҳайдовчиси ва икки йўловчиси полиция ходимининг қонуний талабларини бажаришмаган ва унга тан жароҳатлари етказишган. Ҳайдовчи ва бир йўловчи қўлга олинди. Учинчи иштирокчини қидириб топиш ва қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Бош консулхона томонидан мазкур вазият назоратга олинган ва Санкт-Петербург шаҳрининг тергов органлари билан ишчи алоқалар ўрнатилган, дейилади ТИВ хабарида.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненец автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда мамлакат Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.