Ўзбекистонликлар Қурбон ҳайитида неча кун дам олади?

Жамият

image

Ўзбекистонликлар Қурбон ҳайити муносабати билан 6 июнь, жума куни ва 7 июнь, шанба куни дам олади. Бу ҳақда Президентнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Унга кўра, 2025 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 6 июнь – жума кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатда 6 июнь Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади.

Аҳолининг Қурбон ҳайити байрамини муносиб ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2025 йил 7 июнь (шанба) куни олти кунлик иш ҳафтаси тартиби бўйича ишлайдиган ходимлар учун қўшимча дам олиш куни этиб белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.

Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Русланбек Давлетов зиммасига юкланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳудудида Қурбон ҳайити 6 июнь куни нишонланиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қурбон ҳайити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг