Ўзбекистонликлар энди иш ҳақини исталган банк картасига олиши мумкин
Ўзбекистон
−
16:27 317 2 дақиқа
Ўзбекистонда Маблағларни тақсимлаш маркази орқали фуқароларга иш ҳақини ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнга олиш имконияти яратилди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Аввалги тартибга кўра, ходим иш ҳақини олиши учун иш берувчи ташкилотнинг иш ҳақи лойиҳаси юритиладиган банкда алоҳида банк картаси очиши талаб этиларди. Бу ҳолатда фуқаронинг бошқа банкда картаси мавжудлиги ҳам аҳамиятга эга бўлмаган. Яъни, ходим иш ҳақини олиш учун иш берувчиси ҳамкорлик қиладиган банк хизматидан фойдаланишга мажбур бўларди.
Натижада ўзга банк картасидан фойдаланиб келаётган ходим ҳам иш ҳақини олиш мақсадида янги карта очишига тўғри келган. Кейин эса тушган маблағларни ўзи доимий фойдаланадиган картасига ўтказиши керак эди. Бу эса фуқаролар учун ортиқча оворагарчилик ва қўшимча операцияларни келтириб чиқарган. Янги тизим ушбу боғлиқликни бартараф этиб, ходимларга ўзлари учун қулай банкни танлаш имконини беради.
Маблағларни тақсимлаш маркази қандай ишлайди?
Тизимдан фойдаланиш тартиби қуйидагича:
- Фуқаро ўзига қулай банкни танлайди;
- Танланган банкдаги карта ёки электрон ҳамён реквизитларини иш берувчи бухгалтериясига тақдим этади;
- Иш берувчининг банки тўлов маълумотларини Маблағларни тақсимлаш марказига юборади;
- Тизим келиб тушган маълумотларни текширади;
- Маблағлар фуқаро танлаган банкка йўналтирилади.
Шундан сўнг, иш ҳақи ходимнинг ўзи танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига ўтказилади.
Марказий банк қайд этишича, бу тизимнинг биринчи версияси бўлиб, ҳозирча хусусий сектор ташкилотлари учун ишлайди. Кейинги янгиланишларда фойдаланувчиларнинг таклифлари инобатга олиниб, янги имкониятлар қўшиб борилади.
Мазкур марказ фуқароларга иш берувчининг талаби билан алоҳида янги карта очмасдан, мавжуд банк картаси ёки электрон ҳамёнидан фойдаланиш имконини беради. Ходим бошқа банк картасини танлаши ёки кейинчалик реквизитларини ўзгартириши ҳам мумкин. Бунда карта ёки электрон ҳамён ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши шарт.
Live
Барчаси