Ўзбекистонликлар 25 сентябрдан Иорданияга визасиз бора олади

Жамият

image

Ўзбекистон фуқаролари жорий йилнинг 25 сентябридан бошлаб Иорданияга визасиз бориши мумкин бўлади. Буни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов тасдиқлади. 

Унинг аниқлик киритишича, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида визасиз режимни жорий этиш тўғрисидаги битим имзоланганидан 30 кун ўтиб, яъни 25 сентябрдан кучга киради. Ўзбекистонликлар Иорданияда 30 кунгача визасиз қолиши мумкин бўлади.

Маълумки, 26 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Самарқандда бўлиб ўтган музокаралари натижасида томонлар ўзаро равишда кириш визаси талабидан озод қилиш тўғрисида келишувга эришган. 

Эслатиб ўтамиз, Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25 август куни давлат ташрифи билан Самарқандга келганди. Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания Подшоҳини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Кейин Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимий Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари билан танишди. Етакчилар кечқурун Самарқанд халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик мажмуасини ҳам бориб кўрди. 26 август куни Самарқанд шаҳрида ташрифнинг асосий тадбирлари Иордания раҳбарини расмий кутиб олиш маросимидан бошланди. Кейин музокаралар бўлиб ўтди ва унинг якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Иордания подшоҳининг давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг “Ан-Наҳда” (“Ренессанс”) ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мамлакатнинг олий мукофотини давлат раҳбарига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн шахсан топширди. Подшоҳ ташрифни якунлаб, Қозоғистонга учиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Иордания визасиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг