Ўзбекистонликлар ҳаётида 1 январдан нималар ўзгаради?

Бу қизиқ

image

2021 йил 1 январдан Ўзбекистон қонунчилигида қатор ўзгаришлар бўлиши кутиляпти. Қуйида янги ойда қандай ўзгаришлар бўлишини эслатиб ўтамиз.

1. Барча судларда суд мажлислари иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилади ҳамда суд мажлислари баённомалари ушбу тизимдан (судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари) фойдаланган ҳолда шакллантирилади.

2. Ўзбекистон фуқаролари хорижга фақат “қизил” биометрик паспорт билан чиқиши мумкин бўлади.

3. МИБ ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўз фаолияти тўғрисида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ҳар ярим йилда ҳисобот тақдим этиб боради.

4. Шифокорлар учун ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтиш тартиби киритилади ҳамда аттестацияни онлайн тартибда аудио ва видеокузатув остида ташкил этиш тизими жорий этилади.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш учун тўлов бекор қилинади.

5. Халқ депутатлари Кенгашларига Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига 0,5дан 2,0гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилаш ваколати берилмоқда.

Шунингдек, илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинади.

6. Қуйидаги давлат иштирокидаги корхоналарда тажриба (синов) тариқасида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади:

●  “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти;
●  “Кварц” акциядорлик жамияти;
●  “Асака” акциядорлик тижорат банки;
●  “UzAuto motors” акциядорлик жамияти;
●  “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти;
●  “Навоиазот” акциядорлик жамияти;
●  “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти;
●  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти;
●  “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти.

7. 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этишда фуқаролардан талаб этилиши йўл қўйилмайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати:

8. Қурилиш устидан жамоат назоратини таъминлаш мақсадида:

•    аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади;

•    аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат экспертизасини амалга ошириш механизми жорий этилади;

•    аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоат назорати субъектларининг ташаббусига кўра аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш ёки унга ўзгартириш (тузатиш) киритиш механизми жорий этилади;

•    аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамасини ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.

9. Қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланиб, уларда туну кун навбатчи тиббиёт ходими хизмат кўрсатади.

Оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб ушбу ходимлар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғига ажратилаётган маблағлар доирасида, заруриятга қараб, тор соҳа шифокорлари штатларини мустақил белгилаш ваколати берилади.

10. Туман (шаҳар) кесимида тузилган рейтингда биринчи ўринни эгаллаган умумтаълим муассасалари директорлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир марталик рағбатлантирилади.

Халқ таълими бўлими мудирлари ва методистларига, умумтаълим муассасалари директорларига ҳамда туман (шаҳар) кесимида тузилган рейтингда биринчи бешта ўринларни эгаллаган умумтаълим муассасаларининг 2 нафар ўқитувчиларига санаторийларда дам олиш учун бепул йўлланмалар берилади.

11. Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш мақсадида 40 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларда юрак қон-томир хавфини (гипертония, инфаркт, инсульт, қандли диабет ва бошқа хавф омилларини) аниқлаш бўйича тизимли равишда скрининг текширувлари ўтказилади.

12. Ҳар бир умумтаълим муассасасида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилади. Мазкур лавозимга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилинади.

13. Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлашга келган олий маълумотли мутахассисларга БҲМнинг 50 бараварида (11 млн 150 минг сўм) бир марталик бошланғич ёрдам пули ва ижарада турганлик учун БҲМнинг 2 бараварида (446 минг сўм) ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

14. Давлат олий таълим ташкилотларига кириш учун тест синови топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилиб, тест синови материалларининг маъно-мазмуни умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилади.

15. Ўзбекистон Республикасида фуқароларга паспорт ўрнига ID-карта кўринишидаги шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш бошланади. Бунда фуқароларнинг биометрик паспортларини ID-карталарга алмаштириш 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида, 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади. 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

16. Ихтисослаштирилган мактабларнинг кимё ва биология фанлари ўқитувчиларининг билими ва педагогик маҳоратини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб ихтисослаштирилган мактабларга ва ихтисослаштирилган таянч мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрлари (директор ва ихтисослашган фан бўйича директор ўринбосари)нинг базавий тариф ставкасига нисбатан амалда белгиланган устама ҳақи миқдори 50 фоизгача оширилади.

17. Фуқаролар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга туриш юзасидан ўзларига қулай бўлган туман (шаҳар) ички ишлар органлари ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

18. Видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

19. 2021 йил 1 январдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташиш тақиқланади.

20. Жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тадбиркорлик субъектлари (юридик шахслар) томонидан амалга оширилиши мумкинлигига оид ҳужжат кучга киради.

21. 2023 йил 1 январга қадар рўйхат бўйича четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилади.

22. Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахслар ишга юборилишидан олдин давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилади.

23. Ўзбекистон ва хорижий давлатда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (офатлар) юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларни тиклашда улар давлат божи ва йиғимлардан озод қилинади.

24. Давлат ижрочиси лавозимига янги тайинланган шахсларга Бош прокуратура Академиясида махсус дастур бўйича бошланғич тайёргарлик курсларини ўтаганидан сўнг ўз хизмат вазифаларига киришишга рухсат берилади.

25. “Ўзгидромет” ва “Метеоинфоком” ходимларининг лавозим маошларини ҳисоблашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашда тариф коэффициенти икки баравар оширилган ҳолда қўлланади, шунингдек, ушбу ходимларга соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун ойлик устама ҳақ тўланади.

26. Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани тақдим этиш ва автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.

27. Марказий телеканалларда “Тилга эътибор”, “Она тилида сўзлашамиз”, “Нотиқлик маҳорати”, “Тил – миллат кўзгуси”, “Китоб билим манбаи”, “Билимли ёшлар — келажак бунёдкори” каби туркум кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил қилиниб, мунтазам равишда эфирга узатиб борилиши йўлга қўйилади.

28. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун мажбурий тўлов тарифларини тасдиқлаш тартиби ўзгаради. Бундан ташқари, аҳоли томонидан юборилган экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар кўриб чиқилади ҳамда уларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жариманинг 15 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

29. Яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш мақсадида:

•    2022 йил 1 январгача бўлган муддатга умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умумбелгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмаслиги тартиби жорий этилади;
•    риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади;
•    қурилиш корхоналарига ҳисобот даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш фонди жами миқдорининг 10 фоизидан ошмаган ҳажмда (ижтимоий солиқ суммасини ҳисобга олмаганда) иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан муддатли равишда ишчилар ёллашга рухсат берилади.

30. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти бўлиши, унда иқтисодий, молиявий ва бошқа статистик маълумотларнинг, шу жумладан, ҳар чоракда йиллик бизнес-режанинг бажарилиши ва ривожланиш стратегияларида назарда тутилган дастурларнинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни жойлаштириш мажбурий бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

1 январь

Баҳолаганлар

799

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг