Ўзбекистонликлар ҳаётида 1 октябрдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
28 Сентябрь 2023 58956 4 дақиқа
Жорий йилнинг 1 октябрь санасидан бошлаб Ўзбекистондаги бир қатор янги тартиблар кучга киради. QALAMPIR.UZ анъанага кўра миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини сизга тақдим этади.
Жазони ўтаб чиққанларни иш билан таъминлаганларга субсидия берилади
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно.
Шунингдек, қуйидагилар йўлга қўйилади:
- “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш;
- жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими.
“Яшил энергия” сертификати жорий этилади
Электрнинг қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи “Яшил энергия” сертификати тизими қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр учун жорий этилади.
Корпоратив муносабатлар соҳаси такомиллаштирилади
Қимматли қоғозлар фонд биржаси листингига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар пул оқимлари ва акциялар чиқарилишининг бир қисмини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни қўшимча равишда ошкор қилади.
Агар қимматли қоғозлар листингига киритилмаган бўлса, хўжалик юритувчи субъектлар белгиланган муҳим фактларни ошкор этмайди (устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банклар, суғурта ташкилотлари ва акциядорлик жамиятлари бундан мустасно).
Табиий газ ҳаракати устидан назорат кучайтирилади
Ўзбекистондан табиий газни қувурлар орқали ташийдиган корхоналарнинг газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига хроматограф ҳамда электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши мажбурий бўлади.
Шунингдек, табиий газ ва суюқ углеводородни реализация қилиш тўғрисидаги шартномаларга оид маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритилиб борилади ва мазкур шартномалар юзасидан электрон ҳисобварақ-фактуралар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидаги маълумотлар асосида шакллантирилади.
Қурилишдаги айрим мутахассисларни сертификатлаш йўлга қўйилади
Сейсмик хавфсизлиги II - IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларидаги фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилади.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш маркази ташкил этилади
Ўзбекистонда она ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, шунингдек, марказнинг 14 та ҳудудий филиали ташкил этилади.
Марказда ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқларни скринингдан ўтказиш бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологияли диагностика ва даволаш амалиётлари жорий этилади. Шунингдек, акушерлик-гинекологик, тиббий-генетик маслаҳат хизматлари кўрсатилади.
“Рақамли Тошкент” комплекс дастурига қўшимча маълумотлар киритилади
Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа давлат органлари ахборот тизимларидаги муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар ушбу тизимларни ўзаро интеграция қилиш орқали “Рақамли Тошкент” комплекс дастурига юкланади.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида белгиланган объектлар негизида компания томонидан лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларигача эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
10 миллион сўмдан ортиқ молиявий санкцияларни суд орқали қўлланилади
Тадбиркорларга миқдори 10 миллион сўмдан ортиқ бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, қонунчиликка кўра:
- Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади;
- Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди;
- Рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган юридик ёки жисмоний шахс бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, у рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилади.
Live
Барчаси