Ўзбекистонликлар ҳаётида 1 июндан нималар ўзгаради?
Жамият
−
31 Май 2023
57049Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистонда бир қанча қарорларда белгиланган тартиблар кучга киради. QALAMPIR.UZ миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади.
Туғилганлик ҳақида маълумотнома “роддом”да берилади
Энди туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ФҲДЁ бўлимларида электрон усулда қайд этилиб, тиббиёт муассасаларининг ўзида берилади. Бола туғилиши билан тиббиёт муассасаси у ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни махсус электрон бланкага киритади ва автоматик равишда ФҲДЁ бўлимига ахборот тизими орқали юборади. Шундан сўнг ФҲДЁ бўлими туғилганликни қайд этиб, QR-код қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига жўнатади. Тиббиёт муассасалари маълумотномани боланинг ота-онасига тақдим этади.
Гувоҳномани эса фуқаролар исталган вақтда мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан расмийлаштириб берилади.
“Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари ташкил қилинади
Ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади.
Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифаларидан бири ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади.
Вафот этган ҳарбийлар оилаларига қўшимча имтиёзлар берилади
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва ОТМда давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига 2 марта темир йўл ва ҳаво транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида субсидия бериш ахборотлаштирилади
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча субсидиялар “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш” ахборот тизими орқали амалга оширилади.
“Яшил сертификатлар” тизими ишга тушади
Ўзбекистонда маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экологияга таъсирни чеклаш бўйича талаблар асосида “яшил сертификатлар” тизими жорий этилади.
Айрим тартиб ва чекловлар бекор қилинади
Мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик мақсадида қуйидагилар бекор қилинади:
тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби;
чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар.
Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларининг нархи ошади
Қарор билан алкоголь маҳсулотлари (пиводан ташқари) учун янгиланган энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлар белгиланмоқда:
- вино – 14 400 сўм ва 16 400 сўм (аввал 12 000 сўм ва 14 200 сўм);
- коньяк – 57 400 сўм ва 66 000 сўм (илгари 48 200 сўм ва 57 800 сўм);
- ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотлари – 37 000 сўм ва 43 000 сўм (илгари 30 200 сўм ва 36 200 сўм).
LiveБарчаси